АҚШ Ўзбекистонга терроризмга қарши курашишда ёрдам беради

robert_blake_112860_112860f

АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга терроризмга қарши курашишда яқиндан кўмак бериши мумкин. Бу ҳақда 12uz.com сайти ёзади. АҚШ ҳукуматининг мазкур кўмаги ҳақида АҚШ давлат департаменти юқори мартабали вакиллари томонидан Конгресс вакиллар палатасининг Ташқи ишлар масалалар бўйича қўмитаси ўтказган парламент эшитувида маълум қилинган.

Евроосиё минтақасида радикал диний гуруҳлар томонидан террористик таҳдидлар масаласига бағишланган мазкур парламент эшитувида АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейкнинг қайд этишича, Америка Ўзбекистонга мудофаа характерига ҳарбий техникаларни етиказиб берган.

“Ўзбекистон томонидан йирик қурол тизимлари ёки ҳужум қилиш учун ишлатиладиган қурол-яроғ сўралаётгани йўқ. Расмий Тошкент мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашни, шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни сўрамоқда”, деди Р.Блейк конгрессменларга қарата.

“Биз Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлигига терроризм жиддий таҳдид солади, деб ўйламаймиз, аммо бу борада барибир турли таҳдидлар борлигини унутмаслик керак. Шу боис терроризм масаласида ушбу ҳудуд бўйича хотиржам бўлиш ярашмайди ”, деди у, жумладан.

У, шунингдек, 2014 йилдан кейин Афғонистонда ишлатилган ҳарбий техникаларнинг бир қисми (қуроллар эмас) Марказий Осиё мамлакатларига тақдим этилишини маълум қилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонга 12,6 миллион доллар миқдорида кўмак ажратади. Ундан 3,4 миллион доллари хавфсизлик соҳасига йўналтиради.