Ўткир Ҳошимов: “Талабалигим олтин давр бўлмаган!”

utkir-hoshimov

Севимли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг ҳаёт йўли билан сиз мухлисларни бир оз ҳамнафас қилаётганимиздан хурсандмиз.


Аждодларим билан фахрланаман

Ҳар кимнинг аждодлари орасида улуғ инсонлар бўлиши мумкин. Мен ҳам тарихда эзгу ишлар билан ном қолдирган бобокалонларим билан фахрланаман ва бу ҳақида айтсам газетхонлар тўғри тушунади, деган умиддаман.

Тошкентда, Олий Мажлис биноси ёнида, Алишер Навоий номидаги Миллий боғида қадимий мадраса бор — Абулқосимхон мадрасаси. Бу мадрасани 1850 йили бунёд этган зоти шариф —  Абулқосимхон эшон менинг бабокалоним бўлган эканлар.

Абулқосимхон эшон 1865 йилда Чор Россияси Тошкентни истило қилганида, шаҳар ҳимоячилари сафида бўлган.

Ўша пайтда чиқадиган «Туркистон вилояти газети»нинг муҳаррири, тарихчи олим Николай Остроумов ўзининг бир қанча китобларида Тошкентдаги ёрқин сиймолар, жумладан, Абулқосимхон эшон ҳақида ғалати ва қизиқарли далилларни ёзиб қолдирган. У 1885 йили Абулқосимхон эшон билан қилган суҳбати ҳақида бундай деб ёзади: «Мен у киши билан турли масалалар ҳиқида икки соат суҳбатлашдим. Ўзи олим киши бўлгани учун ўқувчиларга тарбия бериш ниятида ўз ёнидан ўттиз минг сўмга яқин пул сарфлаб, Бешёғоч даҳасидаги ҳовлиси ёнида пишиқ ғиштдан мадраса бино этган. Мадрасада баъзан юз, баъзан эллик талаба ўқиши учун йилига икки минг сўм сарфлайди. Мен Туркистон генерал-губернаторининг ижозат билан 1885 йил 22 июнда ўлкада дарахтлар ва гулларни яхши парвариш қилиш борасида кўргазма уюштираётганимизни айтганимда Абулқосимхон эшон «Дарвоқе, деҳқончиликка машғул бўлмоқ Худойи таолонинг кароматидур. Марҳум қиблагоҳимдан менга пул қолган эмас. Мазкур мадрасани ва анда бўладурғон тамомий харажатларни деҳқончиликдан ҳосил қилиб турибман», деб бизга жавоб қайтарди…»

Остроумов у зоти шарифнинг яна бир ибратли фикрини ёзиб қолдиради:

«Одамзотнинг нафси таомсиз ўлганидек, илмсиз одамнинг дили ўликдир!»

1892 йили Тошкентда вабо касали тарқалади. Муттасил кўпайиб бораётган солиқлардан тинкаси қуриган, истилолар зўравонлигидан тоқати тоқ бўлган халққа вабо ортиқча эди. Шунданми, халқ оёққа туради. Шу тариқа «Вабо қўзғолони» номи билан тарихга кирган миллий озодлик ҳаракати бошланади. Чор лашкарлари Эски шаҳарга бостириб киради. Шунда Абулқосимхон эшон муқаррар ўлимни бўйнига олиб, генерал-губернатор Вревскийга жуда мантиқли ариза ёзиб, қабулига киради. Унга бу икки томон учун ҳам фожеага олиб келишини англатади. Шу тариқа чор аскарлари шаҳардан олиб чиқилади.

Яна бир ибратли воқеа. 1892 йил 30 июн куни Абулқосимхон эшон Хўжа Аҳрор Жоме масжидида минг-минглаб одамлар олдида «Тарихда Шоҳ Бобур ўғли Ҳумоюн ўлимини Аллоҳдан тилаб олади. Мен Аллоҳдан вабо балосини ўзимга тилаб олмоқчиман», дейди.

Бу ҳайратомуз ҳодиса Н.Остроумовнинг «Фон Кауфман — Туркистон ўлкасининг ташкилотчиси» китобида шундай тасвирланади: «Мункиллаган ёшда сўнгги кунлардаги воқелардан («Вабо қўзғолони»дан, демоқчи) қаттиқ ларзага тушган муҳтарам Абулқосимхон шундан сўнг тезда — 4 июлда вабо касаллигидан вафот этди. Қизиқарлиси шундаки, шундан кейин вабо барҳам топганини тошкентлик сартлар унинг вафотига нисбат беришди…»

Худога шукр, Истиқлол шарофати билан мадраса атрофи чинакам сайлгоҳга айлантирилди. Бу ерда буюк бобомиз Алишер Навоий ҳайкали бунёд этилгани, Миллий боғ яратилгани қалбимизни қувончга тўлдиради.

Бир умрлик сабоқ

Урушдан кейинги авлоднинг болалиги қанақа ўтган бўлса меники ҳам шундай ўтган. Мен ҳалол меҳнати билан кун кўрадиган оилада вояга етганман. Ота-онам ҳаромдан ва ёлғондан ҳазар қилишни ўргатишган. Ҳалиям шу шиор билан яшайман. Фарзандларимга ҳам шуни уқтираман.

Болалигимдаги бир воқеани айтиб берай. Уйимиз ёнида жийдазор бўларди. У ерда мен тенгдош ўртоқларим билан сигир боқардим. Ўша пайтда сигирни ёғоч қозиқ билан арқонлаб қўярдик. Ёғоч қозиқнинг ёмон томони шундаки,  қоқаверсангиз, синиб кетади. Бир куни жийдазордан темир қозиқ топиб олдим, озгина арқони билан. Қозиқни сигиримизнинг арқонига боғлаб, уйга келдим. Ярим кечаси адам уйғотди. Қўлида темир қозиқ. «Қозиқни қаердан олдинг?» деди. «Топиб олдим», деб жавоб қайтардим. «Қаердан?» «Қийшиқ жийданинг тагидан!» «Жийданинг тўғриси бўлмайди. Ҳаммаси қийшиқ бўлади», деди адам жаҳл билан ва «Қаердан олган бўлсанг, худди ўша жойга олиб бориб ташла, ҳозироқ!» деди. Ёш боламан, ярим тун бўлса, чакалакзор. Яна Дарҳон анҳорининг лопиллаб турган кўпригидан ўтиш керак… Албатта қўрқдим! Энди чиқиб кетаётгандим, менга раҳми келиб, акам эргашмоқчи бўлди. «Ўзи ташлаб келади!» деди адам қатъият билан. Амаллаб кўприқдан ўтиб, чакалакзор томонга қозиқни улоқтириб, қайтиб келдим. Лабимга учуқ тошганини ҳисобга олмаганда ҳеч нарса бўлмади. Лекин уч-тўрт кундан кейин адам яна ёнига чақириб олди-да, бундай деди: «Сен топиб олган қозиққа биров молини бойлагани аниқ. Агар ўша молни кимдир ўғирлаган ёки мол адашиб кетиб қолган бўлса-ю, қозиқ бизнинг уйдан чиқиб, ўша одам сени ўғри гумон қилса нима бўлади? Биз нима деган одам бўламиз?» Мана шу воқеа менга бир умрлик сабоқ бўлди.


«Худо кўнглига солмагунча…»

Асар ёзиш фарзанд кўришга ўхшайди. Ҳақиқий асар ёзилмайди, туғилади. Мен бунга қаттиқ ишонаман. Яна битта шиорим бор: «Худо кўнглига солмагунча, ҳақиқий ёзувчи қўлига қалам олмайди».


«Диплом иши ёзмаганман!»

Талабалик — олтин даврим, дейишади. Менинг талабалигим олтин давр бўлган эмас! Трамвайнинг майдончасида ўтган. Сабаби, ишлайдиган газета таҳририяти Навоий театрининг, факультетим эса ўша пайтдаги Ҳамза театрининг ёнидаги бинода эди. Тушгача ишласам, пешиндан кейин трамвайга ўтириб, ўқишга югурардим. Ёки тушгача ўқишга борсам, тушдан сўнг ишга чопардим.

Талабалигим ҳам ўқиб, ҳам ишлаб ўтганидан афсусланмайман. Чунки, талабаликда ишлаганларнинг тажрибаси бошқалардан олдинроқ шаклланади. Шуям сабаб бўлса керак учинчи курсда ўқиётган пайтимдаёқ биринчи китобим чиққан. Яна бир фойдали томони — у пайтда университетни битираётган талаба ҳам диплом иши ёзиши, ҳам давлат имтиҳони топшириши керак эди. Мен диплом ишига мавзу сўраганимда Воҳид Абдуллаев деган домламиз «Сизнинг китобингиз чиққан-ку, шунинг ўзи диплом иши! Биз нима учун талабаларни ўқитамиз, китоб ёзишларингиз учун-да!» деган. Шу билан китобимнинг ўзи диплом иши бўлган.


Муҳаббат ҳақида

Мен муҳаббатнинг муқаддас ва буюк туйғу эканлигига қаттиқ ишонаман. Агар муҳаббат бўлмаса одамзот аллақачон ҳайвонга айланиб кетарди. Шу боисдан севги туйғусига, муҳаббатга эҳтиромим баланд. Ўзим ҳам севиб турмуш қурганман.


Ойнинг ўн беши…

Инсон ҳаёти шаҳмат тахтасидаги пиёданинг юришига ўхшайди. Оқ катакдан ҳам, қора катакдан ҳам ўтиши мумкин. Одам қийинчиликдан қочмаслиги лозим. Чунки ҳар бир одамнинг ҳаётида ёруғ дамлар ҳам, сояли паллалар ҳам бўлади.


Носвой ва атир ҳиди

Мен ҳамма устозларимни бирдай ҳурмат қиламан. Мактабда дарс берган ўқитувчимдан тортиб, университетда сабоқ берган домлаларимни, биринчи асаримни чоп этган устозларим-у, қўлимга биринчи маошимни тутқазган кишини… Лекин устозларим ичида уч кишини алоҳида эҳтиром билан тилга оламан. Булар — Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов. Улар ҳамиша менга тўғри йўл кўрсатишган, хатоларимни тузатишган, ютуғимдан қувонишган.

Бу устозларимнинг ҳаммаси билан қизиқарли воқеалар кўп бўлган. Саид Аҳмад ака билан-ку, Ўзбекистоннинг ҳамма  туманларида бўлганмиз. Ота-боладек қадрдон эдик. У киши юрган йўлда этагидан кулгу тўкиларди. Қайси даврага борса, хушчақчақ кайфият уйғонарди…

Бу ҳақда «Саид Аҳмад сафарда» номли асар ҳам ёзганман. Яқин кунларда балки «Даракчи»га берарман. Шундан биттасини айтиб берай. Қайси вилоятга бормайлик, албатта учрашувга чақиришарди. Фарғонага борганимизда тағин бир катта учрашув бўлди. Мухлислар Саид Аҳмад акага савол беришди: «Энг яхши кўрган шогирдингиз ким?» Устоз айтдики, «ҳамма шогирдларимни яхши кўраман. Аммо мана буниси (мени кўрсатди) билан юриш айниқса «удобний». «Нега?» деб сўрашган эди, устоз ғоят «жиддий» сабабини айтди: «Ўткир оналар, чол-кампирлар ҳақида кўп ёзади. Мен эса ёшлар, йигит-қизлар ҳақида ёзаман. Шунинг учун қаерга борсак, учрашув тугаши билан Ўткирни кампир ва чоллар, мени эса чиройли-чиройли қизлар ўраб олади. Бир соатдан кейин Ўткирдан носвой ҳиди келса, мендан атир ҳиди келиб туради. Ишонмасанглар, бир пасдан кейин ҳидлаб кўринглар».


 «Фарзандларим — фахрим»

Бир шиорим бор: «Ота-онаси билан фахрланган фарзанд — бахтли фарзанд. Фарзандлари билан фахрланган ота-она — ўн ҳисса бахтли». Чунки ҳар бир ота-она фарзандлари ўзидан кўра комилроқ, яхшироқ бўлишини орзу қилади. Фарзандларимга доим бир гапни такрорлайман: «Иложи бўлса мен қилган савобли ишлардан битта кўпроқ эзгу иш қил, мен қилган хатолардан битта камроқ хато қил!»

Менимча, фарзандаларим шу ўгитга амал қилиб келяпти. Бир ўғил, бир қизим, бешта неварам бор. Ҳозирча улар ҳақида бирон ёмон гап эшитганим йўқ.


«Менинг бойлигим…»

Ёзувчи учун энг катта бойлик — китобхон меҳри. Китобхон меҳрини ялиниб ҳам, зўравонлик қилиб ҳам, пул бериб сотиб олиб ҳам бўлмайди. Худо шундан бегона қилмасин.

Бугун…

Инсон маълум ёшга боргандан кейин босиб ўтган йўли ҳақида ўйлашга мажбур бўлади. Бу табиий. Мен ҳам шу пайтгача ёзган асарларимни «Танланган асарлар»га (ёки «Сайланма» деймизми) тўплаш билан бандман. Улар орасида қирқ йил олдин ёзилган бўлса ҳам ҳалигача китобхонни ўйлашга, ҳаяжонланишга ундайдиган асарларим бор деб умид қиламан. «Дунёнинг ишлари», «Баҳор қайтмайди», «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар», «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» шундай китоблар бўлса ажаб эмас.


Касал қилар асарлар…

Ижодкор учун аввало, Худо берган истеъдод керак.

Ҳозир адабиётга кўплаб ёш қаламкашлар кириб келяпти. Шеъриятда ҳам, насрда ҳам яхши асарлар яратиляпти. Бундан қувонмоқ керак.

Лекин мени жиндай иштибоҳга соладиган ҳолат ҳам бор. Афсуски, бугунги кунда бир марта ўқишга арзийдиган китоблар, бир марта кўришга арзийдиган спектакллар, фильмлар кўпайиб кетяпти. Бунақа асарлар бир марта ишлатиладиган шприцга ўхшайди. Бир марталик шприцнинг фойдаси бор — касални даволайди. Бунақа асарлар эса одамни касал қилади, ўзини эмас-ку, дидини.

Янги замон тафаккури билан қалам тебратаётган укаларим ва сингилларимга ижодкорлик инсон қисмати эканини, зиммага жуда катта масъулият юклашини айтгим ва уларга омад тилагим келади.

Наргиза УСАНБОЕВА суҳбатлашди.

Манба: “Даракчи” газетаси