Ўзбекистон аҳолиси сони 30 миллион нафардан ошди

    uzbekistan-people

    Шу йилнинг 1 февралида Ўзбекистон аҳолиси сони 30 миллионлик чегарани босиб ўтди. Бу ҳақда РИА Новости ахборот агентлиги Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига асосланиб хабар беради.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2013 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 29 миллион 994,6 минг кишини ташкил этган эди. Улардан 15 миллион 315,3 минг нафари шаҳарларда истиқомат қилади.

    Ўзбекистон аҳолиси ўтган йили 1,5 фоизга, яъни 439,2 минг кишига кўпайди. Қишлоқ аҳолиси, ўз навбатида, 14 миллион 679,3 минг кишини ташкил этди. Улар жами аҳолининг 48,9 фоизини ташкил этади.

    Туғилиш кўрсаткичи 2012 йилда 21 промиллени, ўлим кўрсаткичи эса 4,9 промиллени ташкил этди.

    Аҳоли ўртасида ўлим ҳолатининг 61,7 фоизи қон тизимидаги касалликлар, 7,6 фоизида бошқа ўзгаришлар, 6,1 фоизида нафас олиш органларидаги хасталиклар, 6,1 фоизида эса бахтсиз ҳодисалар, захарланиш ва жароҳатланишлар, 5,8 фоизида ошқозон-ичак касалликлари ташкил этди.

    Дастлабки маълумотларга кўра, 2012 йилда 6600 нафар бола нобуд бўлди. Улардан 47,4 фоизи перинаталь даврдаги ҳолатлардан вафот этган бўлса, 35 фоизи нафас йўлидаги муаммолар, 7,3 фоизи туғма нуқсонлар, 4,5 фоиз инфекцион ва паразит касалликлар оқибатида нобуд бўлди.

    Ўтган йили ФҲДЁ органлари томонидан 299,1 мингта никоҳ қайд этилган бўлиб, 17,9 мингта ажралишлар юз берган. Шунда ҳар минг нафар кишига 10 никоҳ, 0,6 та ажрашиш ҳолати тўғри келди.

    Ўзбекистонга келган аҳоли сони 169,1 минг кишини, чиқиб кетганлар сони 208,8 минг кишини ташкил этди.

    Меҳнат билан таъминлаш органларида рўйхатида турган шахслар сони 6000 кишини ташкил этди.

    Умуман, ишсизлар сони меҳнатга лаёқатли аҳолининг 4,9 фоизини, яъни 626,3 минг кишини ташкил этди.