Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда барқарорлик гаровими?

uzbek-armyКейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларида НАТО шафелидаги халқаро хавфсизлик кучларининг Афғонистонни тарк этиши ва уларнинг ўз ҳарбий техникаларини имтиёзли асосда Афғонистон билан шимолда чегарадош давлатларга сотиши ҳақида кўплаб ахборотлар, турли “эксперт” ва мутахассисларнинг бу борадаги фикрлари пайдо бўлмоқда.

Хусусан, Марказий Осиё бўйича германиялик эксперт Виталий Волковнинг Қозоғистоннинг “Новая газета”сига берган интервьюсида НАТОга аъзо-давлатларнинг, чунончи, Германия, Буюк Британия ва АҚШнинг Ўзбекистонга имтиёзли асосда маълум ҳарбий техникани сотиши қўшни давлатлар, чунончи, Қозоғистон хавфсизлиги учун ҳам таҳдид солиши мумкин эмиш.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, расмий Тошкент учун Афғонистондан НАТО кучларининг олиб чиқиб кетилиши ва бир қисм ҳарбий техниканинг Ўзбекистонга имтиёзли нархларда сотилаётгани қувончли хабар эмас. Гап шундаки, НАТО Афғонистонда толибонлар ҳокимиятига барҳам берган эса-да, лекин ушбу минтақа барибир террористик гуруҳлар, ҳарбий тўдалар макони бўлиб қолмоқда. Бир сўз билан айтганда, Афғонистон ҳали ҳам қўшни давлатлар учун хавф бўлиб қолмоқда. Мамлакатда марказий ҳукуматнинг жуда ҳам заиф эканлиги, аҳоли ўртасида унга нисбатан ишончнинг жуда пастлиги Афғонистон тақдирини яна савол остида қўяди.

Қолаверса, Ўзбекистон анча йиллардан бери халқаро миқёсда бонг уриб келаётган Афғонистондаги конфликтда иштирок этаётган барча кучларни, этник ва диний бирликларни бир музокара столи атрофида йиғиш масаласи ҳам орқага суриб келинмоқда. Мамлакат иқтисодиётини оёққа турғазиш масаласи ҳам жуда оғир кечмоқда. Мамлакат бюджети харажатларининг қарийб барча қисми хорижий давлатлар ажратадиган маблағларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Масалан, АҚШ сўнгги беш йил ичида Афғонистоннинг сал кам ярим миллионлик ҳарбий, ҳуқуқ-тартибот кучларини молиялаштириш, уларга техник ва бошқа кўмак кўрсатишни ўз зиммасига олмоқда.

Шу маънода айтганда, Ўзбекистон учун Афғонистон келажаги туманли бўлиб қолар экан, ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш, Президент Ислом Каримов 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган табригида қайд этганидек, “…тобора кучайиб бораётган қарама-қаршилик, сиёсий ва диний радикализм ва экстремизм, чегараларимизга бевосита яқин ҳудудларда можароларнинг давом этаётгани, биринчи навбатда, ISAF деб аталмиш халқаро коалицион кучларнинг Афғонистондан 2014 йилгача ва ундан кейин олиб чиқиб кетилиши кўзда тутилаётгани билан боғлиқ равишда кескинликнинг янада ортиб бораётгани жаҳон ҳамжамиятида ҳақли равишда хавотир уйғотмоқда… Минтақамизда ташқи кучлар ўртасидаги манфаатлар курашининг кучайиб бораётгани вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Чегарага яқин ҳудудларда бузғунчи тўдалар ва қўпорувчи-террорчи гуруҳларнинг фаоллашуви, ижтимоий-иқтисодий муаммолар, сиёсий ва миллатлараро зиддиятларнинг кескинлашиб бораётгани оқибатида ҳарбий-сиёсий вазиятни издан чиқариши мумкин бўлган жиддий таҳдид ва хатарлар пайдо бўлмоқда.

Сарҳадларимизга бевосита яқин ҳудудларда мураккаб вазият юзага келаётгани, биринчи навбатда, юқорида зикр этилган хавф-хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда…” Шу маънода айтганда, Ўзбекистон ўз ҳарбий салоҳиятини кучайтириш ва мустаҳкамлаш йўлидан бориши турган гап. НАТО кучлари Ўзбекистон ҳудуди орқали ўз контенгентини олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилар экан, расмий Тошкент бундай имкониятдан фойдаланишга интилиши шубҳасиздир.  Ўтган давр мобайнида НАТОга аъзо давлатларнинг юқори мартабали вакилларининг Тошкент сафарлари чоғида бир қатор шартномалар имзоланганини айтиб ўтиш керак.

Чунончи, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билани Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати ўртасида Афғонистон Ислом Республикасининг хавфсизлиги, барқарорлиги ва тикланишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларда Америка Қўшма Штатларининг иштирок этиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юкларни ва персонални ҳаво йўли билан транзит ташиш тўғрисидаги  Битимни (Тошкент, 2012 йил 28 март) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон парламенти томонидан маъқулланган эди.

Ўтган йили охирида парламент томонидан тасдиқланган қонунга кўра, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қўшма қироллиги ҳарбий ҳаво кучлари Ўзбекистон ҳудудидан транзит мақсадларида фойдаланиши мумкин.

Буюк Британия мудофаа вазири Филипп Ҳаммонднинг таъкидлашича, икки давлат ўртасида имзоланган битимга кўра, британияликлар Ўзбекистон авто ва темир йўлларидан фойдаланган ҳолда ўз ҳарбий қўшин ва аслаҳаларини олиб чиқиб кетиши мумкин. Вазирга кўра, Буюк Британиянг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлиги Ўзбекистоннинг чегарада хавфсизликни таъминлаши учун айни муддаодир.

Қонун талабларига кўра, Ўзбекистон Буюк Британиянинг Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш миссиясида иштирок этаётгани учун, шунингдек, бир қатор халқаро ҳужжатлар талаблари асосида ўз ҳаво кенгликларидан фойдаланишга рухсат берган. Шу билан бирга, Буюк Британия  ҳаво кучлари Ўзбекистон ҳудудига қўнмасдан транзит сифатида фойдаланиши керак.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Афғонистондаги тинчликни сақлаш ва терроризмга қарши курашишда НАТО шафелигида Халқаро хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш кучлари фаол иштирок этиб келмоқда. Ушбу тузилма таркибида 46 мамлакат ҳарбийлари ва ҳарбий техникалари жалб қилинган бўлиб, урушнинг ҳаддан ташқари узоқ муддат мобайнида давом этаётгани, қолаверса, глобал молиявий-иқтисодий инқироз туфайли аксарият мамлакатларда ҳарбий харажатлар миқдори кескин қисқартирилгани улар сафини кескин камайтирмоқда.

АҚШнинг Афғонистонда 46 минг ҳарбий техника, шунингдек, 100 минг контейнер юки бўлиб, унинг қиймати 49 миллиард долларни ташкил қилади.

Буюк Британия ҳар куни Афғонистондан 80 тоннадан ортиқ ҳарбий техника ва қурол-яроғни олиб чиқишни режалаштиряпти. Юкларнинг умумий миқдори 6500 контейнерга тўғри келади. Сўнгги маълумотларга кўра,11 йил давомида Британия контингенти Афғонистонга 2600га яқин ҳарбий техника олиб келган.

Юқорида қайд этганимиздек, Ўзбекистон НАТО шафелигида халқаро кучларнинг 2014 йилда Афғонистонни тарк этиши ҳақида қарорини унчалик ҳам қувонч билан кутиб олгани йўқ. Чунки НАТО кучлари Афғонистонда ўз миссиясини тўлиқ бажара олгани йўқ. Толибонлар ҳаракати ҳали-ҳануз мамлакат хавфсизлиги учун катта таҳдид бўлиб қолмоқда. Шундай бир шароитда Ўзбекистон учун жанубий чегара ҳудудларининг хавфсизлиги хусусида бош қотириш долзарб масалалардан ҳисобланади.

Россия Федерацияси эса НАТОнинг Афғонистондан чиқиб кетишини олқишлаб, бунга тезроқ киришиш кераклигини таъкидламоқда. Бу ҳақда Россия Бош вазири ўринбосари Д.Рогозин бир неча бор айтиб ўтган эди. Хусусан, Россия Федерациясининг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги доимий вакили В. Чуркин Россия 2014 йилдан сўнг Афғонистонда НАТО кучлари амалиётларига билан боғлиқ муносабатларга аниқлик киритишни талаб қилишини таъкидлади. У ҳозирги НАТО кучлари Афғонистон ва бошқа қўшни давлатларда бошқа шаклларда ўз фаолиятини давом эттириши мумкинлигидан ҳавотирда эканлигини билдирган.

Қолаверса, Россия Федерацияси Марказий Осиёни ўзининг таъсир доирасида деб ҳисоблаб келади. Шу боисдан улар АҚШнинг ушбу мамлакатлар билан ҳар қандай яқинлашувига яхши муносабат билдирмайди. Россиянинг Марказий Осиё бўйича муносабатлари “катта оғалар”ча бўлиб қолаётгани унинг ушбу минтақадаги таъсирини савол остига қўйиши шубҳасиз. Россиянинг минтақадаги давлатлар ўртасидаги низолардан ўз манфаати йўлида фойдаланиши, иккиёқлама сиёсат олиб боришга уриниши ҳам Ўзбекистонни ўз ташқи сиёсатини диверсификация қилишга, яъни етакчи давлатларнинг аксарияти билан ўта яқин ёки жуда узоқ бўлмаган ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга, яъни эҳтиёткорроқ бўлишга ундамоқда.

Ўзбекистоннинг ўз чегарасини етарли даражада хавфсиз қўриқлай олиши, истиқболда минтақада ўз манфаатларини ҳал қилиши учун ҳам ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаши устувор вазифадир. Аммо бу салоҳият фақат ва фақат Ўзбекистон манфаатлари учун, мамлакат чегаралари дахлсизлиги учун ишлатилишига ишончим комил. Чунки Ўзбекистонда бошқа мақсад бўлганда 2010 йилда Қирғизистон жанубидаги воқеаларда ўта босиқлик кўрсатмаган бўлар эди. Ўзбекистон армияси ҳар қандай таҳдидларга тайёр туриши Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликнинг таъминланиши кафолатидир.

Мурод ҒОФУРОВ.