Ўзбекистон Марказий банки жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотиш бўйича қўшимча изоҳ берди

129371001_6

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2013 йилнинг 1 февралидан жисмоний шахсларга чет эл валютасини банк тўлов карточкаларидан фойдаланган ҳолда сотишнинг такомиллаштирилган тартиби жорий этилиши муносабати билан қўшимча изоҳ берди. Бу ҳақда Марказий банкнинг расмий сайти маълум қилади.

Сайтда кўрсатилишича, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари учун чет эл валютасидаги маблағларни уларнинг депозит ҳисобварақларига кирим қилиш ҳамда ушбу ҳисобварақлардан банк мижозининг биринчи талаби билан чет эл валютасидаги маблағларни тўсиқларсиз ечиб бериш ва уларни амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ мижозлар ўз хоҳишларига қараб фойдаланиши бўйича амалдаги тартиб сақланиб қолди.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни ва авиачипталарни тижорат банкларида очилган ҳисобварақларидан банк тўлов карточкаларидан фойдаланган ҳолда чет эл валютасида сотиб олиш тизими ўз кучини сақлаб қолди”, дейилади Марказий банк ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 1 февралидан  ваколатли банклар томонидан Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган барча жисмоний шахсларга чет эл валютасини нақдсиз шаклда, уларнинг шахсий банк пластик карточкасидаги миллий валютани чет эл валютасидаги халқаро тўлов карточкасига ўтказиб бериш йўли билан сотиш механизмини жорий этиш ҳақида қарор қабул қилинди.