Ўзбекистон олтин қазиб чиқаришни кўпайтирмоқчи

 © lenta
© lenta

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги 10-12 йил ичида 30 га яқин олтин қазиб олувчи конларни ўзлаштирмоқчи, деб ёзади trend.az ахборот агентлиги.

Агентликнинг маълум қилишича, 2013 йилдан бошлаб мамлакатда геологик қидирув ишлари, шунингдек, республиканинг турли ҳудудларидаги саноат конларини ўзлаштириш ва ишга тушириш бўйича чора-тадбирларни жадаллаштиради.

Америка Геология хизмати тарқатган маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2012 йилда 90 тонна олтин ишлаб чиқарган. 2011 йилда бу кўрсаткич 91 тоннани ташкил этган эди. Шунга қарамай, Ўзбекистон ўтган йили ҳам дунёда олтин қазиб олувчи давлатлар орасида 9-ўринни сақлаб қолди.

Ўзбекистонда олтин асосан Навоий ва Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатларида ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон давлат геология қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳозирги кунда 41 та олтин кони очилган бўлиб, уларнинг тўққизтасида олтин ишлаб чиқарилади.

Олтин ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Хитой (370 тонна), Австралия (250 тонна), АҚШ (230 тонна), Россия (205 тонна), ЖАР (170 тонна), Перу (165 тонна), Канада (102 тонна) ва Индонезия (95 тонна) Ўзбекистондан олдинги ўринларни эгаллаган.