Ўзбекистон ва Афғонистон бир-бирига элчиларни тайинлади

Flag-Pins-Afghanistan-Uzbekistan

Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Содиқ Даудзай Ўзбекистон президентига ишонч ёрлиғини топширди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар беришича, Афғонистон элчиси билан суҳбат чоғида таъкидланганидек, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги тарихий дўстлик ришталари, кўп асрлик яхши қўшничилик ва ўзаро ёрдам анъаналари бугунги кунда Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун ишончли асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклашда ҳамиша муҳим ўрин тутиб келган ва тутмоқда. Ўзбекистон иштирокида Ҳайратон – Мозори шариф темир йўли қурилди ва ундан самарали фойдаланилмоқда, бошқа инфратузилма лойиҳалари амалга оширилди. Афғонистоннинг шимолий ҳудудларига, Кобул шаҳрига узлуксиз электр энергияси етказиб берилмоқда.

Муҳаммад Даудзай Ўзбекистоннинг Афғонистон иқтисодиётини тиклаш борасидаги ёрдами Афғонистонда чуқур миннатдорлик билан қабул қилинаётганини алоҳида таъкидлади. Афғонистон Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли алоқаларни чуқурлаштиришга алоҳида аҳамият қаратаётганини, бугунги кунда мамлакатимиз иштирокисиз минтақавий муаммоларни конструктив ва адолатли ҳал қилишни тасаввур этиш қийин эканлигини қайд қилди.

 Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Ўзбекистон Республикасининг Афғонистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов Афғонистон президенти Ҳамид Карзайга ишонч ёрлиқларини топширган эди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2011 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 798,6 миллион долларни ташкил қилган. 2012 йилда бу кўрсаткич изчил ошган.

Ўзбекистон Республикаси Президентига, шунингдек, Швейцария Конфедерацияси, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги, Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган – Николя Брюль, Муҳаммад Нур Усмон Юсуф Балқар, Гусейн Кулиев ишонч ёрлиқларини топширди.