Ўзбекистонликлар давлат органлари ва мансабдор шахслардан кўпроқ нолишмоқда

    oliy-majlis-300x180

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га келиб тушаётган мурожаатларнинг аксариятида давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракати(ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳолатлари кенг учрамоқда. Бу ҳақда подробно.ўз сайти хабар тарқатади.

    Хусусан, ана шундай мазмунда Омбудсманга 1391 та мурожаат келиб тушган. Вакилнинг жойлардаги қабулхоналарига 251 нафар киши мурожаат қилган. Улардан 152 таси назоратга олинган бўлса, 99 таси бўйича тегишли тушунтиришлар берилган.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, жорий йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар.

    Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили С.Рашидованинг маърузасида Омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқариш борасида тегишли ишларни амалга оширганлиги таъкидланди. Чунончи, 2730 та мурожаат Обмудсман назоратига олинган бўлиб, 452 та мурожаат бўйича ижобий қарор қабул қилинган.

    “Ватандош” Омбудсманга бўлаётган мурожаатларни таснифи бўйича ўрганиб чиқиш мақсадида мазкур институтнинг расмий сайтига мурожаат қилганда, ундаги маълумотлар қарийб 2 йил давомида янгиланмаётганига гувоҳ бўлди.