Ислом Каримов: “Ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади”

Сарвар Ўрмонов (ЎзА) олган сурат
Сарвар Ўрмонов (ЎзА) олган сурат

“2003-2012 йилларда ўтказилган тадқиқотлар ва ҳар йили ўтказиладиган мактаб ёшидаги болаларнинг профилактик кўрик натижалари шундан далолат бермоқдаки, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш болаларнинг жисмоний ривожланиши ва саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда”, деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йил якунларига бағишланган мажлисида.

“Бу фикрнинг амалий тасдиғи сифатида ўтган даврда ўқувчилар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар, пневмония, бронхит, сколиоз билан касалланиш ҳолатлари сезиларли даражада камайганини, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида болалар саломатлиги яхшиланиши кузатилаётганини таъкидлаш мумкин”, деди Президент, уш жумладан.

Мажлисда келтирилишича, сўнгги ўн йилда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўртача вазн кўрсаткичи 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортгани кузатилмоқда.

“Болаларнинг бўйи эса ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сантиметрга, қиз болалар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсгани аниқланган. Ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади”, деб алоҳида қайд этди Ислом Каримов.

Президентнинг қайд этишича, агар 2003 йилда ҳарбий хизматга яроқли деб топилган йигитлар юртимизда 67,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда бу кўрсаткич 82,5 фоизга етган.

Ўтган охирги 10 йил давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1113 та болалар спорти объекти, жумладан, 252 та янги спорт комплекси, 861 та спорт зали барпо этилгани, буларнинг 84 фоизи қишлоқ жойларда қурилганини таъкидлаш лозим.

Бундан ташқари, фаолият кўрсатаётган 262 та спорт иншооти реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. Бу мақсадлар учун 570 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Биргина ўтган йилда 92 та болалар спорти объекти ва 16 та сузиш ҳавзаси қурилди ва реконструкция қилинди.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси 2002 йил октябрь ойида Президент фармони билан ташкил этилган бўлиб, унинг фаолиятига ўн йил тўлди.