Аэропортдан қўнғироқ: Исроил Туркиядан кечирим сўради

914504

Исроил бош вазири Биньямин Натаняҳу Туркия билан муносабатлар илиқлашгани ҳақида маълум қилди. У Туркиядан 2010 йилда Ғазо секторига гуманитар юк олиб бораётган Туркиянинг “Озодлик флотилияси”да яҳудийлар давлати хавфсизлик кучлари олиб борган ҳарбий амалиёт чоғида “инсонлар нобуд бўлишига олиб келган барча хатолар” учун кечирим сўради.

Исроил бош вазири Туркия бош вазири Режеп Тайип Эрдоғон билан телефон орқали мулоқотда фожеага олиб келган бу хатолар атайин қилинмаганлигини ва ҳалок бўлган Туркия фуқаролари учун кечирим сўради.

У Туркия фуқаролари оиласига товон тўлови тўланишини ваъда қилди. Ушбу мулоқот Исроилда расмий ташриф билан бўлган АҚШ президенти Барак Обама ташаббуси билан уюштирилди.

Исроилдан Иорданияга йўл олишдан олдин Обама матбуот анжуманида Туркия ва Исроил бош вазирлари ўртасида мулоқот бўлиб ўтганини маълум қилди. “АҚШ Туркия ва Исроил ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни қадрлайди ва биз икки давлат ўртасидаги алоқаларни тиклашга катта эътибор берамиз. Чунки бу минтақада хавфсизлик ва тинчликни таъминлашда жуда муҳимдир”, деди у, жумладан.

Шу пайтга қадар Исроил тўққиз нафар вафот этганлиги муносабати билан афсус билдирган бўлса-да, бу воқеа икки давлат ўртасидаги муносабатларга жуда салбий таъсир кўрсатди. Туркия Исроилдан ўз элчисини чақириб олди, дипломатик алоқалар ва ҳарбий ҳамкорликни энг қуйи нуқтагача туширди. Ваҳоланки, икки давлат ҳам АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий ҳамкорларидан ҳисобланади.

АҚШ президенти маъмурияти тарқатган хабарда келтирилишича, расмий Анқара Исроилнинг ушбу узрини қабул қилган. Эрдоғон шу пайтга қадар Исроил билан алоқаларни тиклаш учун иккита талабни илгари суриб келаётган эди:  товон пули тўлаш ва расман кечирим сўрашдир.

Ўз навбатида, Исроил ҳам кечирим сўрашдан бўйин товлаётган эди. Аммо Биньямин Натаняҳунинг бундай қарорга келишига Оқ уйнинг қаттиқ туриб талаб қилгани сабаб бўлган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Обама Натаняҳуни ушбу мулоқотга кўндиргунча, анча саъй-ҳаракатлар сарфлаган бўлиши керак. Чунки телефон қўнғироғи, тахминларга кўра,Тель-Авив аэропорти трейлеридан қилинган. Шу жойда Обама матбуот анжумани ҳам ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, “Озодлик флотилияси” гуманитар юк ортилган олтита кема карвонидан иборат бўлиб, 2010 йил май ойида Ғазо сектори тафарга йўл олади. Унинг бортида 600 нафар атрофида инсон ҳуқуқлари фаоллари, 2000 тонна юк (дори-дармон, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари)бўлган.

Ўша пайтда Исроил бир тарафлама Ғазо секторини блокада қилган бўлиб, хавфсизлик кучлари кемалар карвонига қатнов йўналишини ўзгартиришни талаб қилади. Рад жавобини олгач, Исроил махсус хизмати вакиллари “Мави Мармара” кемасига ҳаводан қўниб, кемадагиларни таслим бўлишни талаб қилади. Аммо йўловчилар қаршилик кўрсатади. Ҳарбийлар ўт очади. Натижада 9 нафар киши ҳалок бўлади, 30 га яқин киши тан жароҳати олади.