Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ давлат котиби Жон Керри билан учрашди

kamilov_13032013

Аввал хабар қилганимиздек, шу кунларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация АҚШда музокаралар олиб бормоқда. Хусусан, кеча Ўзбекистон ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари АҚШ давлат котиби Жон Керри билан учрашди.

Жон Керри, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Комилов жанобларини ташриф билан қутлаб, “биз бу ерда бугунги кундаги ўта муҳим масала хавфсизлик ва ўзаро алоқаларимиз ҳақида батафсил фикрлашиб оламиз”, деб қайд этди. Унинг фикрича, Ўзбекистон Афғонистонни қайта тиклаш ишларига жуда, жуда муҳим кўмакни кўрсатмоқда ва айни пайтда ушбу мамлакатда ижтимоий инфратузилмаларни бунёд этиш, чунончи, темир йўл ётқизиш, электр энергияси билан таъминлаш ишларига Ўзбекистон фаол кўмаклашмоқда. У, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва бошқа масалаларда ҳам фикр алмашиш керак бўлишини айтиб ўтди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, ўз навбатида, илиқ қабул учун делегация номидан ташаккур билдириб, бугунги учрашув икки давлат ўртасидаги алоқалар, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик ҳақида фикр алмашмоқчимиз.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига кўра, Ўзбекистон Афғонистон муаммосига катта урғу бермоқда. “Биз АҚШ билан изчил ҳамкорлик қилиб келамиз. Биз истиқболда ҳам Афғонистон, умуман, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратамиз”, деди у жумладан.