Мордовияда Ўзбекистон фуқаролари йўл-транспорт ҳодисасига учрашди

o_turisti_ill

Мордовиянинг Чамзин туманида юз берган автоҳалокатда бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган, яна олти нафари тан жароҳати олган. Бу ҳақда ушбу мамлакат йўл ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармаси хабар қилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Fiat Ducato микроавтобуси қарама-қарши йўлга чиқиб кетиши натижасида учта транспорт воситаси ўртасида тўқнашув келиб чиққан. Натижада Fiat Ducato микроавтобусида бўлган 1994 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида вафот этган. Ушбу машинада бўлган яна 6 нафар киши турли даражада тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

Микроавтобусда тан жароҳат олганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Шуни эслатиб ўтамиз, бугунги кунда МДҲ давлатларида, чунончи, Россия, Қозоғистон ва Украинада ўзбекистонликларнинг сони изчил кўпайиб бормоқда. Улар орасида турли бахтсиз ҳодисалар ҳам юз бермоқда.

Шу йилнинг 22 февраль куни Россия Федерациясининг Красноярск ўлкасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. РФ ички ишлар вазирлигининг ўлка бош бошқармаси матбуот хизмати тарқатган хабарда келтирилишича, 22 февраль куни соат 19 атрофида Татарка дарёси устидаги кўприкда “Газель” ва “Мерседес” русумидаги микроавтобус тўқнашиб кетади. Воқеа жойида “Газель”да бўлган ҳайдовчи ва тўрт нафар йўловчи ҳалок бўлган. “Мерседес” ҳайдовчиси маҳаллий касалхонага олиб борилган. Аммо у ҳам кейинчалик ҳалок бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, “Газель”да бўлган ҳайдовчи ва йўловчиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Россия Миграция хизмати ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда ҳозирги кунда 10,2 миллион нафардан ортиқ чет эл фуқаролари бўлиб, уларнинг 23 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. 13,3 фоизи, яъни 1,342 миллион нафари эса Украина фуқароси, 10,2 фоизи Тожикистон фуқароси ҳисобланади.