Индианада мушоира: америкалик талабалар Навоий ғазалларини ёд олишди

IMG_6627

Буюк шоир, мутафаккир  ва оқил давлат арбоби бўлган  Алишер Навоий ўз даврида туркий халқларнинг ҳамжиҳатлиги учун тинимсиз кураш олиб борди. Унинг бу мақсадда қилган саъй-ҳаракатлари бугунги кунимизда ҳам ўз аксини топмоқда. XV асрда бутун бошли халқни ўз қалами билан бирлаштирган Навоий, бугунги кунда Американинг Индиана университетидаги турли хил инсонларнинг бир ерда ҳамжиҳат бўлишига сабабчи бўлди.

Яқинда “Ўзбек талаба ва олимлари бирлашмаси” томонидан Индиана университетида ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг хотирасига бағишланган “Шеърхонлик” кечаси бўлиб ўтди. Кечада Марказий Евроосиё  факультетида туркий, яъни ўзбек, уйғур, турк ва форсий тилларни ўрганаётган америкалик талабалар Навоийнинг ижод маҳсулидан: ғазал, рубоий ва ҳикматли сўзларини ёддан айтиб, ўзаро беллашдилар. Беллашувнинг асосий мезонларидан бири шеърни Навоий ижод қилган тилларда, яъни туркий (эски ўзбек) ёки форсий тилда ифодали ёдлаш эди.

Туркий тилларни завқ билан ўрганаётган талабаларга, бу тиллар асли бир тил эканлиги ва унинг бугунги кунда адабиётимизда гуллаб яшнашининг асосий сабабчиси ким бўлганлиги ва бу тил барчамизни ҳар доим бирлаштириб турганлигини билдириш мақсадида Алишер Навоийнинг “Тили камол топган халқ ўз қисматини англаб олур, зеро тил ҳамжиҳат қиладур халқни” деган сатрлари остида бу беллашувни ташкил қилиш ғоясини илғор сурдим. Марказий Евроосиё  факультетининг профессори Раҳмон Иномхўжаев “Алишер Навоийни эслашнинг ўзи бир савоб” деганларидэк, бу каби савобли ишни устозим Малик Хўжаев раҳбарликлари, бирлашмамиз маслаҳатчиси Умида Ҳикматуллаева ва бошқа юртдошларимизнинг қўллаб-қувватлашлари билан амалга оширдик.

 IMG_6528

Кечада Марказий Евроосиё  факультетида Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди мавзусида докторлик даражасини ёқлаётган Ник Валмсли  маъруза  қилди. Бу тадбирга келган меҳмонлар учун Алишер Навоийнинг ўзбек тарихи ва адабиётидаги аҳамиятини етказиш мақсадида Марказий Евроосиё  факультетида ўзбек тилини ўрганаётган талабалар Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро қошида Биноий билан туркий тил ҳақида бўлиб ўтган баҳсини саҳна кўриниши орқали намойиш қилдилар.

Мушоирада нафақат Индиана университети,  Мичиган университетида ўзбэк тилини масофада ўрганаётган талабалар ҳам иштирок этишди. Беллашув сўнгида Марказий Евроосиё  факультетининг антропология, уйғур, форс ва пушту тиллари профессорлари Назиф Шаҳроний, Гулниса Назарова, Шаҳияр Донешгар, Раҳмон Иномхўжаэв ва бош кутубхона мутахассиси Акром Ҳабибуллаэв иштирокчиларнинг намойишини баҳолаб, ғолиб бўлган талабаларга Индиана универистетининг битирувчиси Маҳмуда Сайдумарова томонидан таржима қилинган ўзбек ҳикоялари тўплами мукофот сифатида топширилди.

Навоийнинг “Ишқ даштин ҳеч ғурбаткаш мусофир кўрмасун” сатрлари билан бошланадиган  ғазалини ўз маромига етказиб айтган ва бу билан ҳаммани лол қолдирган, шеърхонлик беллашувининг 1-ўрин ғолиблигини қўлга киритган ўзбек тилининг 2-бошланғич босқичида таҳсил олаётган Бенжамин Брунетт бу тадбир у учун унутилмас ажойиб тажриба бўлганлигини Индиана университети мухбири билан бўлиб ўтган суҳбатда айтиб ўтди. Иккинчи ўринни ҳайъат аъзолари бугунги кунда форсий тилни ўрганаётган Мириам Вудсга ва шунингдек, учинчи ўринни Мичиган университети талабаси Евгений Бондаренко лойиқ, деб топишди.

IMG_6656

Дастур Фульбрайт грант соҳиби қозоғистонлик Бегаим Адилханованинг дўмбра чертиб куйлаган “Козининг молдирин ай” қўшиғи ва Фульбрайт грант соҳиби ҳамда “Ўзбек талаба ва олимлари бирлашмаси”нинг вице-президенти Муфарраҳ Мусаеванинг “Сунбула” қўшиғи остида тушган рақси билан якунланди. Барча “Ўзбек талаба ва олимлари бирлашмаси” томонидан тайёрланган миллий таомлардан баҳраманд бўлишди.

Муфарраҳ Мусаева,

Фульбрайт Хорижий тил ўргатиш ассистенти,

Ўзбэк талабалари ва олимлари бирлашмасининг вице-президенти.

Индиана университети, Блумингтон шаҳри, Индиана штати.