Ўзбекистонда сиёсий партия фикри билан ҳисоблашиш кераклиги қонунийлаштирилмоқда

pr.uz
pr.uz

Ўзбекистонда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда. Бу борада тегишли қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида муҳокама қилинган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати тарқатган хабарда келтирилишича, қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш механизмини жиддий ўзгартирадиган тартиб белгиланмоқда, мазкур тартибга мувофиқ қонун лойиҳаси айни бир вақтнинг ўзида ва бир муддатда ҳам сиёсий партиялар фракцияларида (депутатлар гуруҳларида), ҳам масъул қўмитада кўриб чиқилади. Энди масъул қўмита сиёсий партиялар фракцияларининг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини ҳисобга олмасдан туриб қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқаришга ҳақли эмас. Ушбу норма сиёсий партиялар фракцияларининг қонун ижодкорлиги жараёнининг барча босқичларида қонун лойиҳасини маромига етказиш ишларида фаол қатнашиш ҳуқуқини кенгайтиради, уларга қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш босқичидаёқ ўз сиёсий партияларининг дастурий мақсадлари, электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўз аниқ нуқтаи назарини билдириш, қонун лойиҳасининг у ёки бу қоидаларига доир ўз фикрини ҳимоя қилиш имкониятини яратади.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатаси мажлисларида кўриб чиқиш жараёнида масъул қўмита вакили сиёсий партиялар фракцияларининг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини мажбурий тартибда депутатларга етказиши белгилаб қўйилган.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасида Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳузурида Киритилган қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилиши назарда тутилган. Мазкур гуруҳ келиб тушган қонун лойиҳаларини рўйхатга (ҳисобга) олади ва ушбу қонун ҳужжатларини кўриб чиқишнинг барча босқичларида уларни кузатиб боради. Белгиланган тартиб-таомилларга риоя этиш, қонун лойиҳаси устида ишлашга экспертлар, мутахассислар, фуқаролик жамияти вакилларини жалб этиш ҳамда Регламентга амал қилиниши масалаларини эътиборга олади. Шунингдек, қонун лойиҳасида келиб тушган қонун лойиҳаларини тақсимлашнинг янада демократик, очиқ тартибини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда, бу тартибга мувофиқ Қонунчилик палатаси Кенгаши ўз йиғилишида қонун лойиҳаларини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул бўлган қўмитани коллегиал равишда белгилайди.