Ислом Каримов: “Опа-сингилларимизнинг меҳнат ва турмуш шароитларини янада яхшилаш давом эттирилади”

    UzA
    UzA

    8 Март — халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов хотин-қизларини табриклади. «Табиат уйғониб, тобора чирой очаётган мана шу шукуҳли айёмда сиз, азизларни, сизлар орқали бутун Ўзбекистон аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этиб, эзгу тилакларимни билдиришдан бахтиёрман», дейилади Президент табригида.

    Президент «Биз ҳаёт фалсафаси, маъно-мазмуни ва гўзаллигини биринчи навбатда барчамизни дунёга келтирган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган муқаддас Она сиймосида, аёл тимсолида кўрамиз, аёл зотини Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси, деб улуғлаймиз», деб қайд этади.

    Президентнинг табригида қайд этилишича, «…гўзаллик ва нафосат, меҳру муҳаббат, вафо ва назокат рамзи бўлган, ўзининг меҳрибонлиги, қалб саховати билан ҳар қайси оилани оила қиладиган, унга файзу тароват берадиган, фарзандларимиз юрагига ўз она юртига севги ва садоқат туйғусини сингдирадиган аёлларимизнинг бетакрор фазилатлари ҳақида ҳар қанча гапирсак, уларни ҳар қанча эъзозласак, арзийди, десам, ўйлайманки, бугун барча юртдошларимнинг кўнглидаги фикрларни ифода этган бўламан».

    Шу маънода, аёлларни улуғлаб, ардоқлаб, бошига кўтариб яшайдиган халқ ўзининг юксак маданияти ва олижаноб қадриятларини амалда намоён қиладиган ва тасдиқлайдиган халқ сифатида обрў-эътибор қозонади», дейилади президент табригида.

    Президентнинг сўзларига кўра, “…опа-сингилларимизнинг меҳнат ва турмуш шароитларини янада яхшилаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, фарзандларимиз, айниқса қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар, илм-фан чўққиларини эгаллаб, ҳаётдан муносиб ўрин олишлари учун бошлаган ишларимизни изчил давом эттиришимиз керак».

    Табрикда қайд этилишича, Ўзбекистонда «…аёлларимизнинг оғирини енгил қилиш масаласи ҳам, табиийки, эътиборимиз марказида бўлади. Хусусан, хотин-қизларнинг уй-рўзғор юмушларини енгиллатиш мақсадида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маиший техника ва зарур товарларни харид қилиш учун бериладиган истеъмол кредитлари ҳажмини 1,3 баробар ошириш мўлжалланаётир”.