Барак Обаманинг “асал ойи”да рейтинги пасайди

Obama Honeymoon Ending

Ўтган ҳафта Америка оммавий ахборот воситалари мамлакат президенти Барак Обаманинг қайта сайлангандан сўнг рейтинги тушиб бораётгани ҳақида бот-бот бонг уришди. BBCRussian мухбири Владимир Козловскийнинг ёзишича, ўтган йили декабрь ойида Обаманинг рейтинг кўрсаткичлари америкаликлар орасида 54 фоиздан юқори эди. Аммо  март ойида турли ижтимоий сўров институтлари томонидан ўтказилган саккизта тадқиқотнинг барчасида Оқ уй раҳбари рейтинг кўрсаткичи 50 фоиздан пастлаганини кўрсатди.

Обаманинг рақиблари учун бу айни муддао бўлди. Уларнинг фикрича, бу Трумэндан кейин иккинчи муддатга сайланган еттита президентнинг худда шу давр мобайнидаги рейтингидан ҳам пастдир. Бунда, албатта, Жорж Буш истиснодир.

McClatchy агентлиги ва Марист коллежи ўтказган ижтимоий сўровларга кўра, респондентларнинг 45 фоизи Обама фаолиятини ижобий баҳоламоқда. 48 фоизи эса салбий муносабат билдирган. Солиштириш учун: ўтган йили ноябрь ойида Обама фаолиятини респондентларнинг 50 фоизи ижобий баҳолаган эди. Умумий ҳисоблаганда, Обаманинг обрўси ҳозирги кунда 48-48 кўринишини ҳосил қилган. Ўтган йили декабрь ойида бу кўрсаткич 54-44 кўринишида эди.

Сиёсатшунослар, ўз навбатида, Обама обрўсининг тушишини  учта омил билан изоҳлашмоқда. Аввало, сайловлар ортда қолди. Унга энди республикачилар партиясидан Митт Ромни сингари номзодлар таҳдид солмайди. Чунки Обамани Ромни билан таққослаганда, Обама яхшироқ кўрсаткичга эга бўлиши аниқ. Ҳозир у ҳеч ким билан солиштирилмайди, балки ҳар бир хатти-ҳаракати фақатгина ўзи билан муқояса этилади.

Иккинчидан, бу пасайиш бевосита сайловдан кейин ғалаба қозонган ҳар бир президентда кузатиладиган “асал ойининг тугаши” билан боғлиқдир. Бу ҳар бир президент билан эртами-кечми содир бўлади. Обамада бу февраль ойи сўнггида юз берди.

Учинчидан ва асосий сабаб шундаки, сўровда қатнашаётганларнинг аксариятида мамлакат иқтисодиётидаги вазиятдан кўнгли тўлмаяпти. Мамлакатда иқтисодий вазият аста-секин жонланаяпти, биржа котировкалари кун сайин тепага қараб ўсмоқда. Айримлар буни навбатдаги инқирозга йўл сифатида ҳам баҳоламоқда. Аммо конгресс ва Оқ уй ўртасида бюджет сиёсати бўйича баҳс-мунозараларнинг ҳаддан ташқари кўп давом этаётгани мана шундай ғамғин муносабатларга сабаб бўлмоқда.

The Washington Post газетаси олиб борган ижтимоий сўровга кўра, респондентларнинг рями мамлакат иқтисодиёти ҳақиқатда ўсиш йўлига ўтганлигини айтишган. McClatchy респондентларининг 62 фоизи эса мамлакат иқтисодий турғунликдан оёққа турди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида ўтказилган сўровга кўра, мамлакат истиқодиётини тиклашда америкаликлар кўпроқ Обамага ишонч билдиришини маълум қилишган эди. Ҳозирги кунда ҳам у мухолифат вакилларини 4 фоизга ушбу масалада ортда қолдирмоқда.

Март ойидаги рейтинг кўрсаткичлари республикачилар партияси вакиллари обрўси бирмунча ўсганлигини кўрсатди. Боз устига охирги пайтда Обама республикачилар билан “опоқ-чопоқ” бўлишга уринмоқда. Масалан, яқинда у республикачилар партиясининг 16 нафар етакчисини ресторанга чақириб, ўз чўнтагидан меҳмон қилди. У шу йўл билан республикачилар билан “партиялараро курашларга барҳам бериб”, кўзланган мақсадларга эришишни ният қилган.

Аммо республикачилар Обама маъмурияти саъй-ҳаракатларининг самимийлигига кўп ҳам ишонишаётгани йўқ. Уларнинг фикрича, Обаманинг барча “тинчликпарвар” сиёсати кўзни чалғитиш учун қилинаётган чора-тадбирлар бўлиб, у 2014 йили Конгрессга бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларда республикачилар партиясига қақшатқич зарбани бериш ва шу йўл орқали қуйи палатада кўпчиликка эришишга интилаяпти. Ўшанда демократларнинг мутлоқ ҳокимияти ўрнатилиб, Обама қатор долзарб ислоҳотларни конгрессдан ўтказиб олиш имкониятига эга бўлади.

Обама, шубҳасиз, бюджет ва солиқ сиёсати борасида республикачилар партияси вакиллари билан ягона тўхтамга келишга интилаётгани йўқ. Таҳлилчилар фикрича, Барак Обама шу йўл орқали мамлакат иқтисодиётида юз бераётган қийинчиликларнинг асосий айбдори сифатида республикачилар партиясини кўрсатишни мақсад қилиб олган бўлиши мумкин.