Сиёсий спекталь: сиёсий обрў ва оддий америкаликлар фарёди

96352440-gop-obama-and-the-sequester

Аввал хабар қилганимиздек, АҚШ “молиявий жарлик”дан қутилишни икки ойга суриб, 1 мартга қадар давлат харажатларини қисқартириш масаласини ҳал қилиб олиши керак эди. Аммо АҚШ конгрессидаги республикачилар ва Оқ уй маъмурияти бу борада якуний келишувга эриша олмади. Кеча Барак Обама давлат бюджети харажатларини қисқартиришни кўзда тутадиган фармонга имзо чекди. Бу секвестер деб ном олган автоматик қисқартиришлар мажмуи бўлиб, антидефицит чоралари фойда бермагач ёки уни амалга ошириш барбод бўлгач, ҳукумат шундай чорани қўллашга мажбур бўлади. Обама 1 октябрга қадар ҳукумат харажатларини 85 миллиардга қисқартиришга мажбур.

Халқаро валюта жамғармаси АҚШда бюджет харажатларини қисқартириш глобал миқёсда иқтисодий турғунликка ва ўсиш суръатларининг пасайишига олиб келиши билан огоҳлантирди. Америкалик таҳлилчилар бу мажбурий қарор Америка ялпи ички маҳсулотининг 2013 йилда бор-йўғи 1,4 фоизга ўсишини таъминлайди. Ваҳоланки, 2012 йилда бу кўрсаткич 2,2 фоизни ташкил қилган эди.

Жума куни АҚШ президенти республикачилар етакчилари билан Оқ уйда олиб борган музокаралари кўзланган натижани бермагач, “Бу фожеа эмас, аммо иқтисодиёт учун оғриқли бўлиши”ни айтиб ўтди.

“Секвестер ҳали амал қилар экан, ҳар гал иқтисодиёт ҳақида хабар эшитар эканмиз, агар конгресс тегишли чораларни кўрганида бу хабар янада яхши бўлур эди, дейишга мажбурмиз”, деб афсус билдирди Обама.

Ўз навбатида, республикачилар етакчиси Жон Бейнер унинг партияси солиқларнинг истиқболда янада ўсишига йўл қўймайди.

INFOGRAFIKA
INFOGRAFIKA

BBCнинг Вашингтондаги дипломатик мухбири Марк Марделнинг ёзишича, бу ерда гап сиёсий театр ҳақида кетмоқда. Айнан ушбу спектаклда асосий савол “Ким айбдор?” деган савол жавоб топишдир. Ҳозирча сўровлар шуни кўрсатяптики, аксарият америкаликлар республикачиларни айбламоқда.

Аммо иккала партия вакиллари ҳам муаммога Америка келажаги нуқтаи назаридан қарашни истамаяпти. Бу масала кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Аввалига “молиявий жарлик”, кейин “секвестер”нинг шаклланишига бир неча йил муқаддам тамал тош қўйилган.

Барак Обаманинг стратегияси шундаки, у сайловлардаги мағлубиятдан ўзига ҳали-бери келмаган республикачилар партиясига қақшатгич зарбани бериш ҳамда миллионлаб америкаликларга бу партия нечоғли “ёвуз”лигини кўрсатишдир. Чунки президентнинг саъй-ҳаракатларида ўзаро келишув эмас, балки сиёсий ғалабага эришиш мақсади кучлилик қилмоқда.

Партиялараро мубоҳаса ўзининг кульминациясига чиқди, деб айтиш мумкин. Пайшанба куни АҚШ сенатида демократларнинг ҳарбий харажатларни 30 миллиардга қисқартириш ҳамда йилига 1 миллион доллардан ортиқ топдиганларга даромад солиғини ошириш ҳақида таклифи республикачилар томонидан тўхтатиб қўйилди.

Ҳали бу ҳаммаси эмас. Шу йилнинг 27 мартида федерал ҳукумат фаолият юритиши учун қабул қилинган вақтинчалик бюджетнинг муддати тугайди. Ўша кунга қадар “бюджет уруши” давом этади. Икки партия бир-бирини айблашди давом этади. Давлат хизматчилари ва халқаро биржалар бу спектакл нима билан тугашини юрак ҳовучлаб кутишига тўғри келади. Чунки янги бюджет тасдиқланмаса, федераль агентликлар ёпилишга мажбур бўлади. Бу давлат ташкилотлари ишламайди дегани.