БМТ: Ўзбекистон аҳолиси 2050 йилга бориб 34 миллион нафарга етади

     uzbeki2_thumb

    Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистон нуфуси 34 миллион нафарга етади.

    Қўшни Тожикистон аҳолиси эса 2050 йилга қадар ҳозирги кундаги 8 миллион нафардан 10 миллион нафарга кўпаяди. Қозоғистон аҳолиси эса 17 миллион нафардан 21 миллион нафарга ортади. Қирғизистон нуфуси 4,8 миллиондан 7 миллионга, Туркманистонда 5 миллиондан 7 миллион нафарга етиши мумкин.

    Украина аҳолиси эса 2050 йилга бориб ҳозирги 45,5 миллион нафардан 33 миллионга қисқариши кутилмоқда. Грузия аҳолиси ҳам бир миллион нафарга кам бўлиши тахмин қилинмоқда.

    Бугун дунё аҳолисининг бешдан бир қисмини ташкил этадиган Хитой аҳолиси 2050 йилга бориб, 100 миллион нафарга камайиши мумкин.

    Шуни эслатиб ўтиш керакки, шу йилнинг 1 февралида Ўзбекистон аҳолиси сони 30 миллионлик чегарани босиб ўтди.

    2013 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 29 миллион 994,6 минг кишини ташкил этган эди. Улардан 15 миллион 315,3 минг нафари шаҳарларда истиқомат қилади.

    Ўзбекистон аҳолиси ўтган йили 1,5 фоизга, яъни 439,2 минг кишига кўпайди. Қишлоқ аҳолиси, ўз навбатида, 14 миллион 679,3 минг кишини ташкил этди. Улар жами аҳолининг 48,9 фоизини ташкил этади.

    Туғилиш кўрсаткичи 2012 йилда 21 промиллени, ўлим кўрсаткичи эса 4,9 промиллени ташкил этди.

    Аҳоли ўртасида ўлим ҳолатининг 61,7 фоизи қон тизимидаги касалликлар, 7,6 фоизида бошқа ўзгаришлар, 6,1 фоизида нафас олиш органларидаги хасталиклар, 6,1 фоизида эса бахтсиз ҳодисалар, захарланиш ва жароҳатланишлар, 5,8 фоизида ошқозон-ичак касалликлари ташкил этди.

    Дастлабки маълумотларга кўра, 2012 йилда 6600 нафар бола нобуд бўлди. Улардан 47,4 фоизи перинаталь даврдаги ҳолатлардан вафот этган бўлса, 35 фоизи нафас йўлидаги муаммолар, 7,3 фоизи туғма нуқсонлар, 4,5 фоиз инфекцион ва паразит касалликлар оқибатида нобуд бўлди.

    Ўтган йили ФҲДЁ органлари томонидан 299,1 мингта никоҳ қайд этилган бўлиб, 17,9 мингта ажралишлар юз берган. Шунда ҳар минг нафар кишига 10 никоҳ, 0,6 та ажрашиш ҳолати тўғри келди.

    Ўзбекистонга келган аҳоли сони 169,1 минг кишини, чиқиб кетганлар сони 208,8 минг кишини ташкил этди.

    Меҳнат билан таъминлаш органларида рўйхатида турган шахслар сони 6000 кишини ташкил этди.

    Умуман, ишсизлар сони меҳнатга лаёқатли аҳолининг 4,9 фоизини, яъни 626,3 минг кишини ташкил этди.