Россияда қарийб 1 миллион ўзбекистонлик ноқонуний иммигрант бор

immigrant_ru

“Интерфакс” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Россия федерал миграция хизмати мамлакатдаги ноқонуний иммигрантлар сонини ҳисоблаб чиққан. Унга кўра, Россияда 3,3 миллион нафар бўлиб, улар мамлакатда бўлиш муддати талабларига риоя қилмасдан, қонун талабларини бузишмоқда.

Ноқонуний мигрантларнинг қарийб учдан бир қисми, 900 минг нафарга яқин ўзбекистонликлар, 500 минг нафардан ортиғи украиналиклар. 400 минг нафар атрофида тожикистонликлар ҳисобланади.

Миграция хизмати ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда ҳозирги кунда 10,2 миллион нафардан ортиқ чет эл фуқаролари бўлиб, уларнинг 23 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. 13,3 фоизи, яъни 1,342 миллион нафари эса Украина фуқароси, 10,2 фоизи Тожикистон фуқароси ҳисобланади.

Хорижликларнинг 4,2 миллион нафари меҳнат билан боғлиқ мақсадларда Россияга ташриф буюришган. 1,5 миллион нафари эса қонуний асосда меҳнат қилади.

Россия Федерациясидан ўтган йилнинг тўққиз ойида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларига юборилган шахсий пул ўтказмалари миқдори 13,611 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичларга нисбатан 12 фоизга кўпдир.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда Россиядан МДҲ мамлакатларига 16,526 миллиард доллар маблағ жўнатилган эди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу маблағлар Россия Федерациясида ишлаётган мигрантлар юбраётган асосий маблағлар оқими ҳисобланади. Бу маблағлар банклар, почта бўлимлари, пул жўнатмалари тизими, шунингдек, ўзаро таниш-билишлар орқали жўнатилади.

Россиядан юборилган маблағлар ҳажми бўйича Ўзбекистон етакчилик қилиб, улар юборган сумма миқдори тўққиз ой давомида 4,36 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга кўпдир. Кейинги ўринларни Тожикистон 2,266 миллиард (13 фоиз), Украина 2,242 миллиард доллар билан эгаллаган.