Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШга ташриф буюради. Шу йилнинг 11-13 март кунлари Абдулазиз Комилов АҚШнинг янги Давлат котиби Жон Керри ва бошқа расмий шахслар билан мулоқот олиб боради.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда келтирилишича, бугунги кунда икки томон учун муҳим бўлган масалалар, чунончи, Ўзбекистон ва Америка муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, долзарб халқаро ҳамда минтақавий масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ташриф доирасида, шунингдек, Марказий Осий масаласида муҳим аҳамиятга эга бир қатор мансабдор шахслар билан музокаралар ўтказади. Ўзбекистон делегацияси таркибидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, шунингдек, ҳукумат вакиллари ҳам ўрин олган.