Ангрен логистика марказида 16 миллион тонна юк ташилган

    uzb-temir-yollariАнгрен шаҳрида ташкил этилган Халқаро транспорт логистика маркази орқали 2010 йилдан бошлаб Фарғона водийси вилоятларига ва улардан мамлакатнинг бошқа минтақаларига 16 миллион тоннадан ортиқ юк етказиб берилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

    Ўзбекистон президентининг фикрича, “бизга сувдек, ҳаводек зарур бўлган бундай марказларни, транспорт ва коммуникация тармоқларини жадал ривожлантиришни бугунги ҳаётнинг ўзи талаб қилаётганини ҳаммамиз яхши тушунамиз”.

    Шу мақсадда яқинда 116 километр узунликдаги Гулистон – Оҳангарон янги автомобиль йўли қуриб битказилган. Бу йўлнинг аҳамияти шундаки, у фақат масофани қисқартириб қолмасдан, Тошкент минтақаси орқали ўтадиган транспорт воситалари сонини оптималлаштиришга ҳам хизмат қилади.

    Жумладан, жорий йилнинг ўзида 8 миллиард сўм маблағ ҳисобидан маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларида қурилиш-таъмирлаш, шунингдек, 10 миллиард 600 миллион сўм маблағ йўналтириб, 160 дан ортиқ аҳоли пунктидаги ички йўлларда жорий ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

    Ўзбекистон Фарғона водийсига Тожикистон ҳудудини четлаб ўтадиган темир йўл қуриш лойиҳаси устида ҳам иш олиб бораётгани оммавий ахборот воситаларида қайд этилади. Унга кўра, Тошкент вилоятидан Наманган вилоятининг Поп туманига қадар 129 километрлик темир йўл линияси тортилади. Бу лойиҳани амалга ошириш учун 1,9 миллиард доллар сарфланади. Расмий Тошкент бу лойиҳани расман тасдиқлагани йўқ.