Чехлар америкаликларга географияни ўрганишни тавсия қилишмоқда

Chechen_Suspect-Boston_AP_FBIPIC

Бостон марафони чоғида юз берган террорчилик акти, қолаверса, ушбу ҳаракатни содир этганликда гумон қилиниб, асли келиб чиқиши чеченистонлик бўлган Жоҳар ва Темурланларни қўлга олиш бўйича полиция операциясини бутун курраи замин аҳолиси катта қизиқиш билан кузатиб борди.

Ижтимоий тармоқлар, айниқса, ушбу амалиётни мунтазам ёритиб бориши турли ишончли ва ишонарсиз ахборотларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Чунончи, гумондор шахсларнинг Чеченистондан эканини айрим манбалар Чехия билан адаштириб юборган. Натижада, бу ижтимоий тармоқларга тез тарқалиб, Чехия расмийларининг эътирозига сабаб бўлди.

Шу муносабат билан Чехиянинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Петр Гандалович ижтимоий тармоқларда гумондорларни Чехия фуқаролари сифатида қайд этилган ахборотларга дуч келганини айтиб ўтди. У Чехия Марказий Европада жойлашганини, Чеченистон эса Россия таркибида эканлигини қайд этди.

Ўз навбатида, чехиялик интернет-фойдаланувчилар америкаликларга географияни ўрганишни тавсия қилишди.

Бостонда бўлиб ўтаётган марофон чоғида қўлбола портловчи модда ҳаракатга келтирилиши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди. 100 нафардан ортиқ киши тан жароҳати олди.