Ироқликлар Саддам ва америкаликларсиз сайловга боришди

PurpleFinger

Америка ҳарбийлари чиқиб кетганидан сўнг илк марта Ироқда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди. Халқаро кузатувчиларнинг фикрича, сайловларда аҳолининг иштироки жуда паст бўлган. Ироқ хавфсизлик хизмати вакиллари сайлов жараёнларида хавфсизликни таъминлашга катта эътибор қаратишди.

Ироқликлар музофотлар кенгашларига депутатларни сайлашди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 378 та депутатлик 8 мингга яқин номзод даъвогарлик қилди. Сайлов жараёнларини халқаро кузатувчилар ҳам кузатиб бориб боришди.

Бағдодда сайловда иштирок этиш учун келган сайловчилар жиддий текширувдан ўтказилган ҳолда участкаларга қўйилди. Мамлакат пойтахти ва бошқа шаҳарларда йўлларда транспортлар ҳаракати чекланган. Сайловларнинг дастлабки вақтида турли кўнгилсиз ҳолатлар қайд этилган. Масалан, 2 та сайлов участкасига ҳужум уюштирилган. Кўпчилик бу сайловлар Ироқ учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этишмоқда.  Чунки бундан ўн йил бурун мамлакатни Саддам бошқарар, бундай сайловлар ҳақида гапириш мушкул эди. Шу билан бирга, мамлакатдаги беқарорлик ҳам сайловларга бўлган умидни оширмоқда.

Сайловолди кампаниялари зўравонлик ва қотилликларга бой бўлди. Чунончи, асосан суннитлардан иборат бўлган 14 нафар номзод ўлдириб кетилди. Ҳукумат айрим қишлоқ ҳудудларида сайловларни ўтказмасликка қарор қилишга мажбур бўлди. Умуман, турли гуруҳлар террорчилик актларини содир этиш орқали мамлакатда сиёсий вазиятни таранглаштиришга алоҳида урғу беришмоқда.

Ироқда 14 миллион киши сайлов ҳуқуқига эга бўлиб, сайлов натижаларини эълон қилиш бир неча кунга чўзилиши мумкин.