Майк Ҳаммер америкалик журналистларнинг Ўзбекистонда яна аккредитациядан ўтказилишига умид билдирди

US Embassy in Tashkent Facebook
US Embassy in Tashkent Facebook

Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ давлат котиби ёрдамчиси интерфаол усулда интернет фойдаланувчилари саволларига жавоб қайтарди. Ўзбекистонликлар, ўз навбатида, сўз ва матбуот эркинлиги ҳақида дипломат фикрлари билан қизиқди. Хусусан, АҚШ элчихонасининг Фейсбукдаги саҳифасида саволларга жавоб берар экан, дипломат АҚШ оммавий ахборот воситалари ҳукумат таъсири ёки назоратидан мустақил иш олиб боришини айтиб ўтди. “Ҳукумат томонидан цензура ўрнатилиши АҚШда қонунга хилофдир. Албатта, биз ахборот агентликларига айрим хабарларни миллий хавфсизлик ва жамоатчилик хавфсизлиги нуқтаи назаридан тарқатмасликни сўрасак-да, АҚШ сўз эркинлигини чеклашга ишонмайди”, деб қайд этди у жумладан.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигига бағишланган тадбирда қатнашган Майк Ҳаммер Ўзбекистонда очиқлик ва ОАВ эркинлигини таъминлаш билан боғлиқ ҳужжатлар, янги қонунларни қабул қилишни режалаштирилаётгани билан танишиб чиққанини маълум қилди. “Ушбу қонунларнинг қабул қилиниши муҳим қадамдир, аммо ушбу қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши жуда муҳимдир. Чунки ушбу қонунлар реал таъсирга эга бўлиши, одамлар ундан самарали фойдаланишини таъминлаш лозим”, деди у.

АҚШлик дипломат, шунингдек, Ўзбекистонда ўзгаришларни ижобий баҳолаб, америкаликлар журналистларнинг яна аккредитациядан ўтказилиши ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритиши ва мамлакат ҳаётини ёритишини хоҳлашини айтиб ўтди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатга ташриф буюрган АҚШ Давлат котибининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Майкл Ҳаммер билан учрашув бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил тараққий этмоқда, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик 2002 йилда имзоланган Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация қоидаларига мувофиқ конструктив ҳамкорлик ва манфаатларни ўзаро ҳурмат қилиш тамойиллари асосида ривожланмоқда”, дейилади ЎзА ахборотида.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид масалалар муҳокама қилинди. Томонлар икки мамлакат манфаатларига дахлдор бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.