Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 7,5 фоиз ўсди

    30

    Ўзбекистон ҳукумати 2013 йилнинг биринчи чорагида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини кўриб чиқди. Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев бошқариб борган.

    ЎзАнинг хабар беришича, жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш – 6,2 фоизга, қурилиш ишлари – 13,2 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.

    “Хизматлар кўрсатиш соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўтган йилдаги 52,1 фоиз ўрнига 52,5 фоизгача ўсди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 40,4 фоизга ўстириш таъминланди, импорт ўрнини қоплашнинг ҳисоблаб чиқилган самараси 1,0 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди”, деб хабар беради ҳукумат расмий ахборот агентлиги.

    Қайд этилишича, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантиришга ва модернизациялаш кўламларини кенгайтиришга йўналтирилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилаётганлиги, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмининг 7,2 фоиз, шу жумладан хорижий инвестициялар ҳажмининг 35,5 фоиз ўсишига кўмаклашди, уларнинг қарийб 84 фоизини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил қилади. 587 та ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди, шунингдек, умумий қиймати 4,3 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 114 та янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди.