Ҳарлейм шейк: маънавий таҳдиддан сиёсий хулосагача

2013-02-24-HarlemShakeParis

Яқинда Ўзбекистондаги маънавий-маърифий соҳага ихтисослаштирилган ziyouz.com сайти шу кунларда оммавий бўлиб турган, Harlem Sheik рақси ва унинг орқасида турган “таҳдидлар” ҳақида фикр юритилган таҳлилий мақолани эълон қилди.

Унда, жумладан, шундай дейилади:

“Harlem Shake” аслида нима?

Ўзларининг айтишича, булутли ҳавода бекорчиликдан нима қилишни билмаган австралиялик 5 нафар ўспирин юқоридагидек “рақс”ни ижро этишади ва 2013 йилнинг 2 февраль куни роликни Youtube га жойлашади. Қисқа вақт ичида ушбу ролик жаҳон бўйлаб тарқалиб, интернет фойдаланувчиларини “телба” қилади, унинг турли муқаллидлари юзага келади. Дунё бўйлаб, “Harlem Shake”нинг “оригинал” вариантини 40 000 000 киши, унинг пародияларини 500 000 000 дан ортиқ киши томоша қилган.

“Harlem Shake” телбалари дунёнинг турли жойларида турли флешмоблар ташкил этиб ушбу бемаъни рақсга ўйнаб, турли роликларни суратга олмоқдалар. Исроилнинг Тель-Авив шаҳрида бир пайтнинг ўзида 70000 киши шу рақсни ижро этиб рекорд ўрнатишди (шаҳарда жами 400000 киши истиқомат қилади).

Инглизчадан таржимаси “Ҳарлемча жилпанглаш” бўлган ушбу рақс тури Нью-Йоркнинг Ҳарлем туманида яшовчи алкоголик Эл Би томонидан 80-йиллар бошида “кашф қилинган”.

“Harlem Shake” Ўзбекистонда

Интернетда “Harlem Shake”ка тақлидан ўзбекистонлик ёшлар томонидан суратга олинган 50 дан ортиқ ролик тарқалган. Harlem Shake номи билан mover.uz да 220 дан ортиқ, mytube.uz да 50 та ролик ўрин олган. Ўзнетдаги энг машҳур ролик “Тошкентча Harlem Shake” ҳамда  Корзинка супермаркетида тасвирга олинган ролик бўлиб, mover.uz да икки роликни 30000 дан ортиқ, mytube.uz да 4000 дан ортиқ киши томоша қилган. Биргина mover.uz даги “Harlem Shake” билан боғлиқ роликларни 250 000 киши кўрганлиги қайд этилган.

Энг ачинарли жиҳати аксарият “ўзбекона Harlem Shake”лар ўспиринлар, асосан, мактаб ва коллеж ўқувчилари, университет талабалари томонидан суратга олинган ва тармоққа жойлаштирилган. Роликларнинг мактаб синф хоналарида ўқувчилар томонидан ижро этилгани ҳайратлидир. Ҳатто айрим роликлардаги беҳаё қилиқлар ҳар қандай томошабинни бу каби ёшларнинг тақдири ҳақида ўйлашга мажбур этади”.

Сўнг мақола муаллифи таниқли маданиятшунос олим Турсунали Қўзиев ҳамда Тошкет ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири,  Тошкент шаҳар “Новза” жомеъ масжиди имом хатиби Жалолиддин Ҳамроқуловларнинг бу борадаги фикр мулоҳазаларини илгари суради.

“The Washington Post” газетасида Макс Фишернинг яқинда чоп этилган мақоласида ушбу мақола ҳақидаги фикри эълон қилиб, уни антиғарбликда айблайди.

Хўш, Harlem Shake, ҳақиқатда ҳам жамият ва халқ манфаатларига, турмуш-тарзига зидми? Унинг ортида қандайдир мақсад-муддаолар борми? У Турсунали Қўзиев айтганидек, “…жаҳондаги энг тараққий этган давлатлардаги беқарорлик, ўша жамиятларда ҳукм сураётган эртанги кунга ишончсизлик туфайли юзага келган маънавий инқирозлар у ердаги саросимага тушган ёшларни чалғитиб қўйди. Бундай ҳаракатлар умуминсоний қадриятларга мутлақо зид, манқуртликнинг янгича бир кўриниши”ми?

Албатта, бугун ахборот-коммуникация технологиялари шу даражада тараққий этдики, турмушимизни уларсиз, уларнинг хизматисиз тасаввур қилиш борган сари қийинлашиб бормоқда. Биз Harlem Shake оммавий маданиятнинг бир кўриниши бўлиб, у яхлит тизим сифатида халқларнинг маданияти ёки қадриятларига қарши қаратилган хатти-ҳаракат, дейишдан йироқмиз. 2013 йилнинг ўзида иккита мана шундай ноодатий ҳолат юз берди: биринчиси, кореялик хонанданинг “Oppa gangnam style” қўшиғига олинган видео-клип шу даражада оммалашдики, Youtube тарихида энг кўп кўрилган видео сифатида рекорд ўрнатди. Иккинчиси, шубҳасиз, Harlem Shake ва “Harlem Shake”чилар видеолари бўлди.

Иккала видео ҳам жамиятда қарор топган қадрият, норма  ва ахлоқ меъёрларини инкор этади. Биз ҳаммамиз биламизки, рақс маълум бир қоидаларга асосланади: яъни, якдил, эстетик хатти-ҳаракатлар натижасида яхлит рақс асари юзага келади. Аммо бу иккала видеоклипда ана шу тартиб-қоидаларга буйсунилмайди, балки ўз билганича иш тутилади. Бу жамиятда қарор топган тартиб-қоидаларни инкор этишга, ўз билганича яшашга ва ҳаракат қилишга ундайдиган ижодий ёндашув.

Масаланинг яна бир жиҳати ҳам борки, кундалик ҳаётимизда бундай видеороликларни суратга олиб, интернетга жойлаштирилаётган беъмани ва “оригинал” видеолар тиқилиб ётибди. Лекин нега айнан “Оппа Гангнам Стайл” ва “Ҳарлейм шейк”лар машҳур бўлади? Албатта, бу ерда кўринмас кучларнинг ушбу қўшиқ ва клипларни “промоушн” қилиб, қўллаб-қувватлаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Гап шундаки, бугун одамзоднинг биринчи ва асосий вазифаси истеъмолчига айланганидир. Барча қадриятларни инкор қиладиган, жамиятнинг ахлоқ қоидаларига буйсунмайдиган одам энг яхши истеъмолчи ҳисобланади. Чунки бундай роликлар, биринчи навбатда, ҳаётда қўрқмасликка ва уялмасликка ҳамда ўзини тийиб турмасликка ундайди. “Сан бугун билан яша, эрта учун қайғурма”, “Атрофдагилардан уялма, ўз билганингча иш тут” қабилида ёнадишилади. Ваҳоланки, бундай тарбияни олган одам “кўр истеъмолчи”га айланиш эҳтимоли жуда юқори.

Тўғриси, бундай одатдаги жамият қадриятларига зид хатти-ҳаракатлар кун сайин кўпайиб бораётган бир шароитда давлатнинг маънавият соҳасидаги сиёсати қандай бўлиши керак? Давлат бундай унсурларга қарши курашиши керакми? Жамият қандай муносабат билдириши керак?

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бундай видео-роликларни кўришни тақиқлаб ёки уларни фақат ёмонлаш орқали бирор бир натижага эришиб бўлмайди. Айни чоғда давлат сиёсати даражасида бунга очиқчасига эътибор қаратилиши ҳам уни янада оммалаштиради, холос.

Шунинг учун давлат таълим сиёсатида ёшларнинг маънавий “тўқ” бўлишига катта эътибор қаратиши керак бўлади. Чунки бугунги таълим тизимимизда ёшларнинг таълим олиши уларнинг маънавий баркамол бўлиши билан уйғун кетяпти, дея олмаймиз. Албатта, маънавий баркамоллик деганда ёппасига Навоий, Бобурнинг асарларини ўқитиш ҳам масалани ҳал этмайди. Таълим тизимида ёшларни фикрлашга, мустақил хулоса чиқаришга кўпроқ урғу бериш керак. Шундагина бировнинг фикрини тасдиқлаб ёки қўллаб-қувватлайдиган эмас, балки унга ўз муносабатини билдирадиган ёшлар шаклланади.

Ва ниҳоят, ёшларнинг илмий, ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлайдиган, кўпчиликка ёқмаса-да ёхуд жуда “ақлли” бўлмаса-да, ёшларимиз ўз ташаббусларини рўёбга чиқарадиган ёшлар клублари, ташкилотларини кўпайтириш ва улар фаолиятига аралашмаслик керак. Чукни uznetни  ўзимизнинг ёшларнинг “асар”лари билан кўпроқ тўлдириш мақсадга мувофиқдир. Албатта, бу ҳам бир фикр.

Мурод ҒОФУРОВ.