Мозийга қайтиб: Хоразм халқ совет республикаси

Хорезм_Dcp_0119

Қизил армиянинг Хива хонлигига ҳужуми натижасида 1920 йил 1 февралда Хивада хонлик тузуми ағдариб ташланди. 1920 йил 26 апрелда Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР) ташкил топганлиги расмий суратда эълон қилинди. Хоразм Халқ Совет Республикасида 1920-1924 йилларда кечган мураккаб жараёнлар, қизил армиянинг ҳарбий тажовузи ва оқибатлари, совет Россияси раҳбариятининг доимий равишда ёш республиканинг ички ишларига аралашиши воқеалар жараёнини Ёш хивалик жадидлар кутмаган бошқа ўзандан кетишига олиб келди.

Хоразмдаги Муваққат инқилобий ҳукумат ўзининг 1920 йил март ойида қабул қилган дастлабки қарорларидан бири – “Хоннинг мулки тўғрисида”ги декретга кўра, Хива хони, унинг қариндош–уруғлари ва ворисларига қарашли бўлган кўчмас мулклар тортиб олинди ва ҳукумат ихтиёрига топширилди. Халқ Нозирлар Шўроси таркибида ташкил этилган дастлабки еттита нозирликлар ичида молия нозирлиги (молия нозири – Матпанобой Мадраҳимов) ва халқ хўжалиги нозирлиги (нозир – Эшчонқори Жабборқулов) ҳам бўлиб, улар бевосита иқтисодиёт билан шуғулланганлар.

Кейинчалик Бутунхоразм халқ вакилларининг I қурултойида зироат нозирлиги (қишлоқ хўжалиги нозирлиги) ташкил қилинди ва унга ёш республикада ер–сув ишлари билан шуғулланиш вазифаси юклатилди. ХХСР зироат нозири лавозимига Ҳаким Бобожонов сайланди. Бундан ташқари ушбу қурултойда Муҳаммадпанобой Абдуллаев молия нозири лавозимини (Матпанобой Мадраҳимов ўрнига) эгаллади[1].

ХХСР Зироат нозирлиги дастлаб хон ва унинг амалдорлари, йирик ер эгаларига қарашли ер–мулклар, тўқай ва кўллар, меҳнат қуроллари ва иш ҳайвонлари ҳамда уруғлик донни мусодара қилиб (ҳужжатда национализация қилинади, деб ёзилган), уларни қизил армия оилаларига, ерсиз ва кам ерли деҳқонларга тақсимлаб берди. 1920 йил апрел – 1921 йил март ойларида бу нозирлик давлат ғазнасига 2 млн. сўм даромад туширди[2].

Янги ҳукуматнинг “Вақф ерларини бошқариш тўғрисида”ги декретига мувофиқ дастлаб вақф ерлари тортиб олинмади, бироқ вақф мулкидан фойдаланиш давлат назоратига олинди. Вақфдан келадиган даромад ва уни тақсимлаш ишлари билан ХХСР Маориф халқ нозирлиги (нозир – Бекжон Раҳмонов) шуғулланган.

ХХСР ҳукумати ташкил бўлган дастлабки кунлардан бошлаб, Туркистон АССР тажрибасидан фойдаланиб, вақф мулкларидан тушадиган даромадни ишлатишни назорат қилиш, ундан совет мактаблари учун фойдаланиш чора-тадбирларини кўрди. Шу мақсадда вақфларни бошқарадиган давлат ташкилоти – ХХСР Маориф халқ нозирлиги қошида вақф бўлими ташкил қилинди. Ёш республика ҳукумати томонидан бу бўлимга вақфларни бошқариш бўйича масъулиятли вазифалар юклатилди. Бутунхоразм халқ вакилларининг II қурултойи (1921 йил май)да ҳукуматнинг диний сиёсати такомиллаштирилди ва вақф масаласига аниқликлар киритилди.[3]

ХХСР Марказий Ижроия Комитетининг II чақириқ 1-сессияси (1921 йил 9 октябрь)да қабул қилинган қарорда вақф ерларидан олинадиган ижара ҳақидан фойдаланиш тартибига қисман аниқлик киритилди. Бу ҳужжатда кўрсатиб ўтиладики, маориф халқ нозирлигининг вақф бўлими ХХСР Конституциясининг 25-моддасига асосан, вақф ерларидан вақфнома бўйича ижара ҳақи ундириб олади ва унинг шартларига биноан тақсимлайди, шунингдек, у масжид, мадраса, қорихоналарнинг шикастланган биноларини таъмирлаш ишларини ташкил қилади. Диний муассасалар йўқ бўлган тақдирда ортиқча маблағлар Маориф халқ нозирлигига тушади. Қарорнинг охирги жумласида шундай дейилади: “Масжид, мадраса, қорихона ва бошқа диний ташкилотларнинг вақф ерларидан олинадиган даромадни улар эҳтиёжидан ортиқча қисмини мактаб, технукум ва бошқа маориф шахобчаларига сарфлаш назарда тутилган”.[4]

ХХСР ҳукумати диний ташкилотларнинг вақф мулкларидан тушадиган даромадларнинг бир қисмини бўлса ҳам, совет мактабларини ривожлантириш учун фойдалинишга бекорга ҳаракат қилмаган. Чунки республикада вақф мулклари катта миқдорда бўлган ва улардан тушадиган даромад ҳажми ҳам салмоқли эди.

ХХСРнинг дастлабки Конституциясида шундай ёзилган эди: “Вақф мулклари бутунлай маориф ва маданият билан боғлиқ бўлганлиги учун Маориф нозирлиги ихтиёрига берилади”.[5]

ХХСР Конституциясининг РСФСР ва Туркистон АССР конституцияларидан фарқи шундаки, унда ишлаб чиқариш воситаларига, шунингдек, ерга хусусий мулкчилик бекор қилинмади. Бу Хоразмни ўзига хос тарихий шароитлари билан боғлиқ аграр ўзгаришларнинг муҳим жиҳати эди.

ХХСРда кўпгина мадраса ва қорихоналар фаолият кўрсатарди. Хива хонлигида 132 та мадраса бўлганлиги маълум. 1922 йилдаги маълумотларга қараганда, ХХСР ҳудудида 89 та мадраса бўлиб, уларда 189 нафар мударрис, 101 нафар имом, 89 нафар муаззин, 338 нафар хизматчилар ишлаган ҳамда 1395 нафар талаба ўқиган.[6] Бу мадрасаларга қарашли вақф ерларининг ўзи фақат 328054 танобни ташкил қилган. Бундан ташқари мадрасаларга қарашли кўплаб саноат ва савдо вақф корхоналари бўлган. 1924 йилдаги маълумотларга қараганда, ХХСРда 126 та мадраса мавжуд бўлган ва улардан 61 та мадраса пойтахт Хива шаҳрида бўлиб, улардан 45 та мадраса доимо фаолият кўрсатиб келган.[7]

ХХСРда қорихоналар ҳам кўп бўлган. 1922 йилда уларнинг миқдори 195 та бўлиб, бироқ уларнинг ярмидан ортиғи ишламас эди. Қорихоналарда ҳаммаси бўлиб 172 нафар қорилар ўқиган. Қорихоналарга қарашли вақф ерлари 35164 танобни ташкил қилган.[8] Ерлардан ташқари қорихоналарнинг бозор майдонлари, карвонсаройлари, дўконлари, тегирмон ва бошқа вақф мулклари мавжуд эди.

ХХСР ҳукуматининг 1921 йил июндан 1922 йил июнигача ўтган даври фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида диний соҳада олиб борилган сиёсат тўғрисида шундай дейилган: “Дин ва вақф мулкига нисбатан бутунлай аралашмаслик тамойили амалга оширилди ва масалалар энди ҳеч қийинчилик туғдирмайди. Руҳонийлар раҳбарлари билан муносабат ўрнатилди”.[9] Шу билан биргаликда партия ва совет идораларининг расмий ҳужжатларида айтилишича, мадраса қорихона ва бошқа диний ташкилотларни ички ишларига аралашмаслик йўли тутилмоқда. ХХСР Конституциясида расман ёзилганки, руҳонийлар томонидан ташкил қилинган, диний фанлар ўқитиладиган мактаблар хусусий маблағлар ҳисобига фаолият кўрсатади. Давлат бу мактабларга ёрдам бермайди, шунингдек, уларни эркин ишлашига тўсқинлик қилмайди.[10] Амалда эса диний ташкилотларнинг барча ишларига партия ва совет идоралари аралашар ҳамда уларнинг ҳуқуқларини чекларди.

1921 йил 26 декабрда ХХСР Марказий Ижроия Қўмитаси масжид ва мадрасаларнинг хизматчиларини иш ҳақини тартибга солиш тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлайди. Бу ҳужжатга асосан руҳонийларни вақф мулкидан фойдаланиш ҳуқуқи чекланган.

1920–1921 йиллар давомида ХХСРда мусодара қилинган ерлар ҳисобига камбағал деҳқонлар, қароллар (батраклар), беватанлар, корандалар ва вақфчиларга 10000 десятина ер бўлиб берилди. Шунингдек, уларга қишлоқ хўжалик асбоб ускуналари, уруғлик, чорва моллари, уй–жой ва бошқа нарсалар ҳам берилди[11].

1921 йил 4–11 декабрда Хива шаҳрида бўлиб ўтган ерсиз ва кам ерлик деҳқонларнинг биринчи қурултойи уларни ер–сув, иш ҳайвонлари, меҳнат қуроллари, уруғлик дон, ссуда билан таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлди. Қурултойда озиқ–овқат солиғи, ерсиз ва кам ерли деҳқонлар иттифоқининг асосий масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги банки ташкил қилиш масаласи ҳам кўрилди. Ушбу банкнинг асосий вазифаси ерсиз ва кам ерлик деҳқонларга қишлоқ хўжалик асбоб–ускуналари, иш ҳайвонлари, уруғлик ва бошқа нарсалар олиши учун қисқа муддатли қарз беришни ташкил қилишдан иборат эди[12].

1920-1921 йилларда ХХСРда аграр соҳада дастлабки ўзгаришлар амалга оширилиб, 10000 десятина ер деҳқонларга бўлиб берилди. Бундан ташқари уларга уруғ, деҳқончилик асбоблари ҳамда ссуда (қарз) ажратилди. Деҳқонларга кредит ҳисобидан 5000 чорва мол сотилди. Эски суғориш иншоотларини қайта тиклаш билан бирга янгилари ҳам қурилди. Масалан, 1922 йил охиригача Хоразм деҳқонлари Ҳазораспдан Хўжайлигача бўлган ҳудудда 12 та дамба қурдилар. 1922 йилда чоракор ва камбағалларга ер бўлиб бериш учун давлат ер фонди тузишга ҳамда деҳқонларга узоқ муддатли ва қайтариб олинмайдиган ссудалар бериш учун давлат деҳқонлар банкини таъсис этишга қарор қилинди. Банкка 3 млрд. сўм маблағ ажратилган. Хуллас, 1921–1922 йилларда 400000 танобдан ортиқроқ ер камбағал деҳқонларга берилди[13].

ХХСРда иқтисодий сиёсат ва хўжалик соҳасидаги ислоҳотлар зиддиятли тарзда кечди. Хоразм Республикасидаги солиқ сиёсатида совет Россиясининг таъсири кучлироқ бўлганлиги учун синфий ёндашув яққол намоён бўлди. Солиқнинг оғир юки савдогарлар, судхўрлар ва йирик ер эгалари зиммасига тўғри келди. 1922 йил декабрда қишлоқ хўжалигида ягона солиқ тизими жорий қилинди. Солиқ тўлашни тўғри йўлга қўйиш мақсадида Давлат банки ва солиқ палатаси ташкил қилинди. 1923 йил июнда ҳунармандчилик ва саноат соҳасидаги солиқлар ҳам бир тизимга солиниб, давлат саноат солиғи жорий қилинди.[14]

Янги иқтисодий сиёсат (НЭП)нинг эълон қилиниши билан ХХСРда карвонсаройлар, корхоналар, кўллар ва тўқайлар ижарага берила бошланди. Телефон симлари тортилиб, дарё кемачилигини тиклашга киришилган. Бир қанча йирик кўприклар қурилди. Пахта майдонларининг ҳудуди 1921 йилдаги 10000 танобдан 1924 йилда 85000 танобга, ҳосилдорлик 100000 пуддан 800000 пудга кўтарилди. Умумий экин майдонлари 1913 йилдаги даражанинг 62%ини, ҳосилдорлик 70–75%ни ташкил қилди. 1924 йилга келиб, 6 та пахта тозалаш заводи, 10 та ғишт заводи, ёғ заводи, босмахона, электростанция тикланди, қоғоз ва шиша заводлари қурилди. Саноатда давлат сектори устувор мавқени эгаллади[15].

ХХСРнинг ёш ҳукумати БХСР, Туркистон АССР, РСФСРдан ташқари Финляндия, Швеция, Германия, Туркия, Афғонистон, Эрон каби хорижий давлатлар билан ҳам мустақил равишда савдо–сотиқ, иқтисодий алоқаларни олиб боришга ҳаракат қилган. Хусусан, Финляндия билан савдо–сотиқ алоқалари самарали бўлган.

Бутунхоразм халқ вакилларининг II қурултойи (1921 йил 15-23 май)да қонун чиқарувчи олий орган – ХХСР Марказий Ижроия Қўмитаси (раиси – Муҳаммадрайим Оллоберганов) ва ижро қилувчи орган – ХХСР Халқ Нозирлар Шўроси (раиси – қорақалпоқ Менглихўжа Ибнияминов) ташкил қилинди. Қурултойда Ёш хиваликлар ҳукуматининг сиёсати халққа қарши қаратилган сиёсат эди, деб қораланди.[16] Бу қурултойда янги қабул қилинган ХХСР Конституцияси матнига Туркистон комиссиясининг тазйиқи билан кўплаб моддалар мажбуран тиқиштирилди. Хоразмликларнинг сайлов ҳуқуқлари анча чекланди. Бироқ қурултойда миллий масалага катта эътибор қаратилди. ХХСР МИК ҳузурида туркманлар бўлими ва қозоқлар бюроси тузилган. Кейинчалик шу асосда ХХСРда махсус Қозоқ-Қорақалпоқ вилояти ташкил қилинди.

ХХСР давлат бошқаруви жиҳатидан худди БХСРга ўхшаб халқ демократик республикаси ҳисобланган. ХХСР Конституциясига мувофиқ давлат ҳокимиятининг олий бошқарув органи Бутунхоразм халқ вакиллари қурултойи, қурултойлар ўртасида – ХХСР Марказий Ижроия Қўмитаси ҳисобланган. Ижро қилувчи олий орган (ҳукумат) –Хоразм Халқ Нозирлар Шўроси саналган. Бироқ асосий ҳокимият ХХСРда турган совет Россияси ва кейинчалик СССРнинг турли фавқулодда органлари қўлида бўлган.

Афсуски, Хоразда ҳокимиятнинг янги органлари фаолияти бу гал ҳам узоққа чўзилмади. 1921 йил сентябрь ойида бўлган ХХСР МИК мажлисида “Ўз вазифасини бажара олмаган ва ишни чалкаштирган” деган сохта айблар билан М. Оллоберганов ўз лавозимидан олиб ташланди ва ўлимга ҳукм қилинди.[17] ХХСР МИК раиси қилиб Отамахсумохон Муҳаммадраҳимов тайинланди.[18]

О. Муҳаммадраҳимов ҳам ўз ўтмишдошлари мустақил давлат сифатида ривожланиши учун бир қанча ишларни амалга оширди. У куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиш мумкин эмаслигини тушунгач, Жунаидхон билан муросага келиш учун махсус комиссия тузиб, унинг қароргоҳига жўнатди. 1921 йил 6 ноябрда ХХСР ҳукумати билан Жунаидхон ўртасида “Келишув шартномаси” тузишга мувоффақ бўлинди.[19]

О. Муҳаммадраҳимов ХХСРнинг мустақил давлат сифатида ривожланишини таъминлаш мақсадида қўшни Афғонистон, Бухоро ва бошқа давлатларда элчихоналар очиш ва мазкур давлатларнинг элчихоналарини Хоразмда очишга рухсат берди. У ислом дини, уламолар ва вақф ерларига большевиклар чизиб берган андоза асосида ёндашмай, Бутунхоразм халқ вакилларининг II қурултойида қабул қилинган вақф тўғрисидаги қарор ва вақф даромадларидан олинадиган солиқни бекор қилди.[20]

1921 йил 27 ноябрда бўлган ҳукуматнинг кенгайтирилган қўшма мажлисида ХХСР МИК раиси О.Муҳаммадраҳимов, ХХСР Халқ Нозирлар Шўроси раиси М.Ибнияминов, ХХСР МИК иш бошқарувчиси Мулла Бекжон Раҳмонов, ХХСР МИК ижроия бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Абдалов, молия нозири Муҳаммад Юсуф Отажонов, дохилия (ички ишлар) нозири Ҳасан Эрматов, хорижия (ташқи ишлар) нозири Мулла Ўроз Хўжамуҳаммедов, ҳарбий ишлар нозири Миркомил Миршаропов, туркман шуъбаси раиси Янгибой Муродов, шунингдек, Тригулов, Агайдаров ва Юнгиров Хоразм халқининг душмани деб эълон қилинди. Улар ўз масъул лавозимларидан олиб ташланди ва қамоққа олинди.[21] Мажлисга келмай Оллоқулихон мадрасага яширинган давлат раҳбари О. Муҳаммадраҳимов қизил аскарлар билан бўлган отишма пайтида ўлдирилди. Шу тариқа Хоразмда учинчи марта большевикларнинг мухтор вакили томонидан давлат тўнтариши қилиниб, ҳукумат раҳбарлари бадном қилинди.

Умуман олганда, ХХСР мавжуд бўлган қарийб 5 йил давомида большевиклар томонидан ХХСР МИК раислари ва ҳукумат бошлиқларининг ҳар бири 10 мартадан ўзгартирилди. Хоразмда ўтказилган бундай давлат тўнтаришлари оқибатида ўзбек халқининг кўплаб асл фарзандлари қатағон қилинди.

Хуллас, Хоразм республикаси ва ундаги халқлар тақдирини ташқи кучлар, РСФСР ва Туркистон АССРдан юборилган “фавқулотда ва мухтор вакиллар” ҳал қилар эди. ХХСР аҳолисининг урф-одатлари, анъаналари, турмуш тарзи ва диний эътиқодига ёт бўлган сиёсий кучлар маҳаллий вазиятда тўғри йўл топа олмаган. Шундай бўлса ҳам, улар республикага раҳбарлик қилар, жамиятни сунъий тарзда синфий табақаларга бўлишга интилар, уламолар ва уруғ бошлиқларининг аҳоли турли табақаларига таъсирини камайтириш ва чеклашга уринар, жамиятда синфий зиддиятни авж олдирар эдилар. Бу ишда уларга 1921 йил декабрда расмийлаштирилган Хоразм Коммунистик партияси (ХКП) асосий қурол бўлиб хизмат қиларди.

1922 йил 1 февралда Хоразм Коммунистик партияси (айрим манбаларда Хоразм иштирокиюн фирқаси) РКП(б) таркибига кирди. 1922 йил 4 мартда РКП(б) МК Туркистон бюроси раиси С.И. Гусевнинг Хоразм Коммунистик партияси номига юборган телеграммасида ХКП ҳам Грузия ва Озарбайжон Коммунистик партиялари сингари РКП (б)га мустақил аъзо бўлиб кирдилар, деб хабар қилинган эди. 1922 йил 27 март – 2 апрелда бўлиб ўтган РКП(б)нинг Х съездида Хоразмдан Мадраҳим Сайдашев ва Зариф Худойберганов вакил сифатида қатнашдилар.[22] Шунингдек, ХХСР МИК таркибида Хоразм Коммунистик партияси МК масъул котиби Г.Шарафитдинов раҳбарлигида Хоразм Коммунистик партияси фракцияси тузилди.[23]

Бу жараёнлар РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси орқали Хоразм Коммунистик партиясига катта таъсир ўтказиш имконини берди. РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси ХКП қўли билан ишни “партия фасларини тозалаш”дан бошлади. 1923 йилдаги “тозалаш” натижасида ХКП сафидан 50 фоиздан зиёдроқ аъзолар савдогар ва мулла деб чиқариб юборилди. Бу коммунистик партияга аъзо бўлган хат-саводли Хоразм зиёлиларининг асосий қисми эди. Бундай тозалаш ишлари ҳукумат таркибида ва бошқа ташкилотларда ҳам амалга оширилди.[24]

Хуллас, ХХСРда 1920 – 1924 йилларда кечган сиёсий ўзгаришлар, ижтимоий ва иқтисодий жараёнлар Хоразм воҳаси аҳолиси ҳаётига кескин таъсир кўрсатди. Бир томондан, хонлик ҳукуматидан оғир мерос бўлиб қолган кўплаб хатолар тузатилди, янги ҳукумат ўзининг ислоҳотлари билан ХХСРда демократик ўзгаришларни амалга оширишни бошлади. Иккинчи томондан, бундай ўзгаришлар доимий равишда Марказ таъсири ва унинг ваколатли органлари ҳамда коммунистлар раҳбарлигида амалга оширилиб, маҳаллий аҳолининг манфаатлари инобатга олинмади.

 

Бахтигул МАМАДАМИНОВА,

Тошкент ирригация ва мелиорация институти ўқитувчиси



[1] Ражабов Қ. Бухоро ва Хоразм Халқ Республикалари: давлатчиликнинг демократик шакли // Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари. –Т.: 2001. –Б.186-187.

[2] Ўзбекистон МДА, 71-фонд, 1-рўйхат, 4-иш, 107-варақ.

[3] Алимов И. Ўзбекистонда вақф мулкларининг тугатилиши (1917-1929). –Т.: Фан, 2009. –Б. 85.

[4] Ўзбекистон МДА, 71-фонд, 1-рўйхат, 4-иш, 26-варақ.

[5] Конституция (Основной закон) Хорезмской Народной Советской Республики // Съезды Советов в документах. 1917-1936. Сборник документов в 3 томах. –Т. II. –С. 506.

[6] Хоразм вилояти давлат архиви (Хоразм ВДА), 123-фонд, 1-рўйхат, 4-иш, 218-варақ.

[7]  Алимов И. Ўзбекистонда вақф мулкларининг тугатилиши (1917-1929). –Т.: Фан, 2009. –Б. 97.

[8] Хоразм ВДА, 123-фонд, 1-рўйхат, 4-иш, 128-129-варақ.

[9] История Хорезмской Народной Советской Республики (1920-1924 гг.). Сборник документов. –Т.: Фан, 1976. –С.  204.

[10] Ўзбекистон МДА, 71-фонд, 1-рўйхат, 64-иш, 26-варақ.

[11] Хоразм тарихи. II–жилд. Масъул муҳаррир М.Матниёзов. –Урганч: Хоразм, 1997. –Б.45.

[12] Жизнь национальностей (Москва), 1922, №4, с.11-12.

[13] Ўзбекистон МДА, 71-фонд, 1-рўйхат, 18-иш, 24-варақ.

[14] Хоразм тарихи  II –жилд. –Б. 50-51.

[15] Ражабов Қ. Хоразм Халқ Совет Республикаси // Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 9. Т.: ЎзМЭ нашриёти, 2005. Б. 483–485.

[16] Ўзбекистон МДА, 71-фонд, 1-рўйхат, 4-иш, 13-15, 20-24-варақлар.

[17] Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2-китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. –Б. 218-219.

[18] Маткаримов М. Хоразм Республикаси: давлат тузилиши, нозирлари ва иқтисоди. –Урганч,  1993. –Б. 36.

[19] Ўзбекистон МДА, 71-фонд, 1-рўйхат, 3-иш, 204-207-варақлар.

[20] Хоразм тарихи. II жилд. Масъул муҳаррир М.Матниёзов. –Урганч: Хоразм, 1997. –Б. 36

[21] Ўзбекистон МДА, 71-фонд, 1-рўйхат, 3-иш, 235-варақ.

[22] Ўзбекистон МДА, 72-фонд, 1-рўйхат, 172-иш, 35-варақ; Каландаров Н. Образование и деятельность Хорезмской Коммунистической партии (1920-1924 гг.). –Т.: Узбекистан, 1975. –С. 170.

[23] Полвонов Н. Хоразмдаги ижтимоий ҳаракатлар ва сиёсий партиялар тарихи (1900-1924). –Т.: Akademnashr, 2011. –Б. 96.

[24] Ўзбекистон МДА, 62-фонд, 1-рўйхат, 9-иш, 18-81-варақлар; 72-фонд, 1-рўйхат, 31-иш, 5-14-варақлар.