Ислом Каримов Роберт Блейкни қабул қилди

8395
UzA

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 24 апрель куни Оқсаройда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейкни қабул қилди, деб хабар беради ЎзА.

Давлат раҳбари икки томоннинг саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари узоқ муддатли асосда барқарор ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Давлатлараро муносабатлар ва ишбилармон доиралар, фан-таълим соҳаси, Ўзбекистон ва АҚШнинг фуқаролик жамиятлари вакилларининг самарали ҳамкорлиги ўзаро ҳурмат ва манфаатларни инобатга олиш тамойиллари асосида изчил ривожланмоқда.

Суҳбат асносида томонлар долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, жумладан, Афғонистондаги ҳозирги вазият юзасидан фикр алмашдилар.

Давлат котибининг ёрдамчиси самимий қабул ҳамда Ўзбекистон-АҚШ муносабатларига доир муҳим масалаларни муҳокама қилиш имконияти яратилгани учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик изҳор этди, АҚШ раҳбарияти турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида бундан буён ҳам биргаликда иш олиб бориш тарафдори эканини қайд этди.

АҚШлик дипломат, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида маъруза ўқиган.