Ислом Каримов Владимир Путинни Ўзбекистонга таклиф қилди

41d45af919414d6e3982

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 14-15 апрель кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

 В.Путин Ўзбекистон Президентига ташриф учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Россиянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим шерикларидан бири эканлигини қайд этиб ўтди.

Кенгайтирилган таркибдаги муҳокамаларда асосий эътибор иқтисодий ҳамкорлик масалаларига қаратилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон-Россия муносабатларининг мустаҳкам асосини ташкил этиши таъкидланди. 2012 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12,6 фоиз ўсди ва 7,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу борадаги ўсиш 20 фоизга етди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда қарийб 850 Россия-Ўзбекистон компанияси фаолият кўрсатмоқда, мамлакатимизда Россиянинг 100 дан ортиқ корхоналарининг ваколатхоналари рўйхатга олинган. Россияда Ўзбекистон капитали иштирокидаги 400 дан ортиқ компания фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик ёқилғи-энергетика соҳасида фаол ривожланмоқда, Россиянинг йирик нефть-газ компаниялари мамлакатимизда муваффақиятли ва самарали фаолият кўрсатмоқда.

Музокаралар якуни бўйича Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида битим, 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2013-2015 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ва илмий-техникавий соҳаларда ҳамкорлик дастури имзоланди. Шунингдек, ташриф доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муассасалари, божхона ва солиқ хизматлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ҳужжатлар қабул қилинди.

Ташриф якунлари доирасида Ислом Каримов Владимир Путинни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.