“МТС—Ўзбекистон” ҳикоясига нуқта қўйилди

1342771059_165620_181400461877837_164604113557472_596808_630099_n1

Тошкент шаҳар хўжалик суди “Ўздунробита” МЧЖ ХКни банкрот деб топди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар тарқатди. Қайд этилишича, “бугун хўжалик судининг такрорий судида кредиторларнинг компанияни банкрот, деб топиш ва тугатиш жараёнини бир йил, деб белгилаш ҳақидаги мурожаатини қаноатлантирган”.

Хабарда келтирилишича, кредиторлар ўз маблағларини ҳатто энг кам миқдорда ҳам қайтара олмайди. Боиси “Ўздунробита”га тегишли бўлган дастурий таъминотсиз станцияларнинг барчаси шунчаки қуруқ темир-терсакдек гап.

Бундан аввалроқ, Олий хўжалик судининг кассация ҳайъати “Ўздунробита” МЧЖнинг мобиль алоқа хизматини кўрсатиш бўйича лицензияси ноқонуний олиб қўйилгани ҳақидаги шикоятини қаноатлантирмаган эди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили август о йида Тошкент шаҳар хўжалик суди “МТС” компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” МЧЖ ХКнинг барча лицензияларини бекор қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мурожаатини қаноатлантирган эди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция ҳайъати биринчи инстация судининг “МТС—Ўзбекистон” компанияси мулкини давлат даромадига қаратиш ҳақидаги қароринии бекор қилади. Суд, шунингдек, компанияга молиявий давъволар 8 ой давомида тўланиши кўрсатиб ўтилган.

Апелляция ҳайъати, шунингдек, “Ўздунробита” МЧЖ ХКга молиявий даъво миқдорини 600 миллион доллар миқдори баҳолаган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент  шаҳар суди аппеляция ҳайъатининг бу ҳақдаги қарори 8 ноябрь куни қабул қилинган.

Шундан сўнг “Ўздунробита” МЧЖ ХК Тошкент шаҳар хўжалик судига банкротлик тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.  Компаниянинг бундай қарорга келишига Россиянинг “МТС” компаниясининг тўлиқ шўъба корхонаси бўлмиш “Ўздунробита” ҳисоб-рақамларига пул маблағларининг тугаганлиги сабаб бўлган.

Гап шундаки, жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция ҳайъатининг қарори билан саккиз ой давомида Ўзбекистон бюджетига 600 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаши керак эди.

Аммо компания ҳисоб-китобларида бор-йўғи 180 миллион доллар маблағ бўлиб, музлатиб қўйилган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу маблағнинг 150 миллион доллари жарима учун ундириб олинган. Куни кеча компания ҳисоб-рақамида маблағ йўқлиги боис ўзини банкрот, деб эълон қилиш учун мурожаат қилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, аҳоли орасида охирги пайтларгача «МТС»нинг қайтиши ҳақида миш-мишлар юрар эди. Айниқса, Ўзбекистон президентининг Россияга шу йил 15 апрель куни қилган ташрифи бундай миш-мишларни анча кучайтириб юборган эди.