Австралиялик теннисчи Намангандаги меҳмонхонани нега аввал мақтаб, кейин ёмонлади?

01_big

Ўзбекистон теннис федерацияси вакиллари теннис бўйича Австралия эркаклар терма жамоаси сардор Патрик Рафтернинг Наманган шаҳридаги меҳмонхона шароитларидан нолиган ҳолда берган баёноти бўйича ўз муносабатини билдирди.

“Австралиялик теннисчилар Наманган шаҳридаги энг яхши меҳмонхонага жойлаштирилган эди. Ушбу меҳмонхонада теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ҳам истиқомат қилишди. Шунга қадар ҳам ушбу шаҳарда Дэвис кубоги учун 6 та ўйин ўтказилган бўлиб, чет эллик спортчилар айнан мана шу меҳмонхонада жойлаштирилган. Аммо улар томонидан ҳеч қандай эътироз билдирилмаган”, дейди федерация вакили.

“Наманган С” меҳмонхонаси маъмурияти сўзларига кўра, австралиялик теннисчилар меҳмонхона хизматидан қониқиш ҳосил қилишган.

“Меҳмонлар китобида улар ҳаммаси яхши бўлганини қайд этишган. Овқатланиш бўйича муаммо бўлиши керак эмас, чунки уларнинг ўз ошпази бор эди. Иссиқ ва совуқ сув билан боғлиқ бошқа шароитлар ҳам яхши эди. Меҳмонлар китобида айнан жамоа сардори Патрик Рафтер ижобий қайд қолдирган”, деб маълум қилади меҳмонхона вакиллари.

Эслатиб ўтамиз, Австралия терма жамоаси сардори Патрик Рафтернинг сўзларига кўра, Намангандаги ўйинларга мухлисларнинг қизиқиши яхши, ҳатто ҳакамлик ҳам жойида бўлган, бироқ меҳмонхона шароитлари тўғрисида салбий фикрлар билдирган.

«Бу биз ўрганганимизга мос келмайдиган шароитлар бўлди. Агар Дэвис Кубогида энг яхши ижрочилар билан иштирок этишни хоҳласангиз, шунга яраша шароитлар ҳам бўлиши керак», дея Рафтернинг сўзларини келтиради kun.uz сайти. Унинг айтишича, улар турган меҳмонхона деразаларидан машина сигналлари, итларнинг вовуллаши мунтазам эшитилиб турган.

«Дэвис Кубогида иштирок этаётганингизда, кечаси, ўйин олдидан яхшилаб ухлаб олармикинман, деб хавотирга тушмаслигингиз керак. Таомлар масаласида ҳам хавотирларимиз бўлгани учун, ўзимиз билан ошпаз олиб келгандик», – деди Австралия терма жамоаси сардори.