Ўзбекистон парламентида сиёсий партиялар ваколатлари кенгайтирилди

fs1

Ўзбекистонда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни кучга кирди.

Депуталарнинг қайд этишича, Қонунчилик палатасига киритилаётган қонунлар лойиҳаларини дастлабки тарзда кўриб чиқишни ташкил этиш, бунга масъул қўмитани белгилаш, уларни муҳокамага тайёрлаш ва қонунлар лойиҳаларининг муҳокамасини барча босқичида сиёсий партиялар фракциялари (депутатлик гуруҳининг) иштирокини белгилаб берувчи ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштиришни тақозо этаётган эди.

Ушбу Қонунда Қонунчилик палатасига киритиладиган қонунлар лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳаларини рўйхатдан ўтказиш, Кенгаш аъзоларини бу ҳақда хабардор қилиш, қонунлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш, уларни муҳокама қилишнинг барча босқичларида кузатиб боришни ташкил этувчи Мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузиш назарда тутилган.

Мазкур институтнинг ўзига хос жиҳати шундаки, Мувофиқлаштирувчи гуруҳ аъзолари палата Девони ҳодимларидан ташкил топади ва ўз фаолиятини Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан қабул қилинадиган Низом асосида юритади. Энг асосийси, қуйи палатага киритилган қонунлар лойиҳалари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этишда мустақил иш олиб боради.

Ушбу гуруҳ Қуйи палатага киритилган қонунлар лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳаларини рўйхатдан ўтказиш, Кенгаш аъзоларини бу ҳақда хабардор қилиш, қонунлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш, уларни муҳокама қилишнинг барча босқичларида кузатиш ишларини олиб боради.

Қонуннинг яна бир муҳим янгилиги шундаки, унга кўра, Қонунчилик палатаси Кенгаши ўзининг мажлисида Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини коллегиал тартибда кўриб чиқиб, мутлақ демократик принципларга таянган холда очиқ ва ошкора тарзда қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқадиган масъул қўмитани белгилайди.

Эътиборлиси, қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун бир вақтнинг ўзида масъул қўмитага ва фракцияларга (депутатлар гуруҳларига) юборилади. Ўз навбатида, қонун лойиҳаси юзасидан фракцияларнинг (депутатлар гуруҳлари)нинг билдирилган фикрлари ва таклифларисиз масъул қўмита ушбу қонун лойиҳаси бўйича қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилиш  ҳақидаги ўз хулосасини чиқара олмайди.