Ислом Каримов: “Тошкент вилояти ҳокими Р.Холматовнинг ваъдалари қуруқ гап бўлиб қолаверди”

    1 апрель куни Тошкент вилояти ҳокими Р.Холматов ишдан олиниб, унинг ўрнига Андижон вилояти ҳокими А.Усмонов тайинланди.

    Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тошкент вилояти ҳокими Р.Холматовнинг иш фаолиятига баҳо бериб, унинг дастлабки фаолиятида дастлаб вилоят тараққиёти йўлида, кўпгина муаммоларни ечишда амалий ҳаракат ва ижобий ишлар кузатилганини қайд этди. “Лекин, охирги йилларда унинг ишга муносабати ўзгарди, ўзига нисбатан талабчанликни бўшаштириб, хотиржамлик, ўзибўларчилик кайфиятига берилиб, вилоят раҳбари ва етакчиси сифатида масъулиятни йўқотишга йўл қўйди. У ўзига нисбатан билдирилган кўпгина огоҳлантириш ва танқидий гаплардан хулоса чиқармади, аҳволни ижобий томонга ўзгартириш ҳақидаги ваъдалари қуруқ гап бўлиб қолаверди. Ўз қўлида ишлайдиган кўпгина муовин ва мутахассисларнинг, фаолларнинг бошини қовуштириш, уларга бир кўз билан қараш, уларни бирлаштириш ўрнига, қўл остидагиларга юқоридан қараш, менсимаслик, қўпол муносабатда бўлишни ўзига маъқул топди”, деди Президент фаоллар йиғилишида, шу жумладан.

    Президент ўз фикрини давом эттириб, “албатта, одамлар ҳар хил бўлади, уларнинг юриш-туриши, феъл-атвори ҳам бир-биридан фарқ қилади. Лекин раҳбар бўлиб масъулиятни ўз зиммасига олган одам, ёқадими-йўқми, ҳар қайси ходимга аввало ишнинг манфаатини кўзлаб, тўғри баҳо бериши керак”, деб қайд этди.

    Мамлакат раҳбарининг фикрича, вилоят ҳокимининг ана шундай мезонлар асосида ўзидан олдин ишлаган раҳбарларнинг хатоларидан хулоса чиқариб олмагани умумий ишга зиён етказган.

    “Биз одатда бирон-бир раҳбарнинг оддий одамлар орасидан чиққанига эътибор берамиз, лекин, афсуски, нафс балоси уни бузади, натижада боши айланиб, оёғи ердан узилади. Асосан хушомадгўй одамлар, раҳбарлар соясида юриб бирор нарса орттиришни ўйлайдиган кимсалар бунга сабаб бўлади. Менга қолса, раҳбарга эмас, уни бузадиган ана шундай одамларга жазо берган бўлардим”, деб фикр билдирди Ислом Каримов.

    Президентнинг хулоса қилишича, мамлакатдаги марказий бир ҳудудни бошқариш, одамлар билан тил топишиб, уларнинг ишончини қозониб, обрў орттириш, улкан мақсадлар сари сафарбар этиш учун Р.Холматовга кенг миқёсда фикрлаш, узоқни кўриш, улкан салоҳиятли вилоятни бошқариш хусусиятлари – қурби етишмади. Ўз-ўзидан аёнки, бундай ҳолат охир-оқибатда унга билдирилган ишончни йўқотишга олиб келди.