Ўзбек киноларида қишлоқ манзараси нега ғариб?

68933080

Ўзбекистонда 2012 йилда давлат ва хусусий киностудиялар фаолиятига бағишланган мажлис бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Икрамов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султоновлар ва бошқа масъул идоралар раҳбарлари қатнашган тадбирда мамлакат кино саноатида вазият чуқур таҳлил қилинган.  Шов-шув.ўз сайтининг ёзишича, агар актёрлар муносиб роль ўйнамаса, унвонлар олиб қўйилиши мумкинлиги қайд этилган.

Айниқса, сўнгги пайтларда хусусий киностудиялар томонидан “бир марта”лик киноларни суратга олиш авж олаётгани, киноларнинг мазмун ва моҳияти, савияси мутлақо тушиб бораётганлиги танқид қилинган.

Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов фильмлардаги ёндашувга жиддий эътироз билдирган: “Фильмларда нега қишлоқ манзараси ғариб аҳволда кўрсатилади? Қишлоқларда пахса уй, молхонадан бошқа жой йўқми? Қишлоқлардаги шунча ўзгаришларни, замонавий тараққиётни режиссёрлар кўра олмаяптими?”.

Kun.uz сайтининг ўз манбасига таяниб хабар беришича, “Ўзбеккино” миллий агентлигига янги раҳбар тайинлангач, ҳақиқатан ҳам яхши ўзгаришлар бошланган. “Эътибор берилса, 20-мартдан бери ҳали бирорта янги кинопремьера бўлгани йўқ. Кўплаб фильмларнинг анонслари телевидение «айлантириляпти», бироқ «Севги фариштаси-2», «Жаноб хотдогчи», «Хазон» ва бошқа шу каби фильмлар ҳали ҳам рухсат ололгани йўқ. Зебо Наврўзованинг «Эркаклар фасли» фильми эса муҳокамалардан ҳам ўтолгани йўқ”, деб қайд этган “Ўзбеккино” вакили.

Тадбирда, шунингдек, киносценарийлар ёзишда ҳам нуқсонлар борлиги танқид қилинган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида “Ўзбеккино” миллий агентлигига Жаҳонгир Қосимов директор этиб тайинланган эди.