Ўзбекистон — Россия: муҳокама қилиниши лозим бўлган долзарб масалалар бор

    Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу йилнинг 15 апрель куни расмий ташриф билан Россия Федерацияга боради. “Независимая газета”нинг Ўзбекистон элчихонасига таяниб, хабар беришича, Ислом Каримов Россия президенти Владимир Путин билан Афғонистонда халқаро кучларнинг чиқиб кетиши муносабати билан минтақада хавфсизликни таъминлаш ҳамда бу борада позицияларни аниқлаштириб олиш масалаларини кўриб чиқади.

    Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи икки давлат ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш, ривожлантириш учун айни муддаодир. Чунки Ўзбекистон ва Россия ўртасида юқори доираларда муҳокама қилиниши керак бўлган масалалар йиғилиб қолган эди.

    Биринчидан, Афғонистондаги НАТО кучлари Ўзбекистон ҳудуди орқали ўз контенгентини олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилади. 2014 йилдан сўнг Афғонистон ўз хавфсизлигини таъминлаши керак. Ўтган давр мобайнида НАТОга аъзо давлатларнинг юқори мартабали вакилларининг Тошкент сафарлари чоғида бир қатор шартномалар имзоланганини айтиб ўтиш керак. Чунончи, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билани Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати ўртасида Афғонистон Ислом Республикасининг хавфсизлиги, барқарорлиги ва тикланишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларда Америка Қўшма Штатларининг иштирок этиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юкларни ва персонални ҳаво йўли билан транзит ташиш тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2012 йил 28 март) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон парламенти томонидан маъқулланган эди. Ўтган йили охирида парламент томонидан тасдиқланган қонунга кўра, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қўшма қироллиги ҳарбий ҳаво кучлари Ўзбекистон ҳудудидан транзит мақсадларида фойдаланиши мумкин.
    Россия Федерацияси эса НАТОнинг Афғонистондан чиқиб кетишини олқишлаб, бунга тезроқ киришиш кераклигини таъкидламоқда. Хусусан, Россия 2014 йилдан сўнг Афғонистонда НАТО кучлари амалиётларига билан боғлиқ муносабатларга аниқлик киритишни талаб қилиб келади. Россия ҳозирги НАТО кучлари Афғонистон ва бошқа қўшни давлатларда бошқа шаклларда ўз фаолиятини давом эттириши мумкинлигидан ҳавотирда эканлигини билдирган.
    Қолаверса, Россия Федерацияси Марказий Осиёни ўзининг таъсир доирасида деб ҳисоблаб келади. Шу боисдан улар АҚШнинг ушбу мамлакатлар билан ҳар қандай яқинлашувига яхши муносабат билдирмайди. Мана шундай ҳолатда Ўзбекистон президенти Россия билан Афғонистон масаласида, чунончи, 2014 йилги минтақадаги вазият юзасидан ўзаро позицияларни аниқлаштириб, ўз асосларини келтириб ўтиши керак бўлади.

    Иккинчидан, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг трансчегаравий дарёларининг юқори оқимидаги давлатлари томонидан амалга оширилмоқчи бўлган гигант ГЭСлар қуриш ғоясига жиддий қаршилик кўрсатиб келади. Россия эса бу лойиҳаларда иштирок этиш ниятини билдириб, хусусан, Қирғизистонда “Қамбарота-1” ГЭСи қурилишига маблағ ажратишга қарор қабул қилган. Ўзбекистон бу борада ўз ҳавотирларини яна бир карра айтиши мумкин.

    big

    Учинчидан, Россия тарафи ушбу мамлакат компаниялари томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирилаётган инвестициялар, чунончи, “МТС-Ўзбекистон” компанияси билан боғлиқ масалаларда ўз саволларига жавоб олишни исташи турган гап. Маълумки, Ўзбекистондаги “Ўздунробита” шўъба корхонаси лицензияси бекор қилиниши оқибатида “МТС” 1,1 миллиард долларни ҳисобдан чиқаришига мажбур бўлган. Ушбу учрашувда икки давлат ўртасида инвестицияларни ҳимоялаш масаласи кўтарилиши кутилмоқда. Чунончи, инвестицияни ўзаро муҳофаза қилиш ҳақидаги битим имзолаш кутилмоқда.

    Тўртинчидан, Россияда ҳозирги кунда 10,2 миллион нафардан ортиқ чет эл фуқаролари бўлиб, уларнинг 23 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. Ўзбекистон фуқаролари Россия федерациясидан 2012 йилда юборилган пул ўтказмалари миқдори 33 фоизга ўсиб, 5,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Шу билан бир қаторда, сал кам бир миллион нафарга яқин ноқонуний иммигрантлар ушбу мамлакатда кун кўришмоқда. Шу кунларда Ўзбекистонда Россияда ишлаётганларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида урғу беришмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида ёшларни иш билан таъминлаш муаммосига тўхталиб, Россияда меҳнат қилаётганлар масаласида жиддий фикр билдириб ўтди. Президент мамлакатда ёшларни иш билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш кераклигини алоҳида уқтириб ўтди. Хусусан, яқинда Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А. Ҳаитов Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин билан учрашиб, икки томонлама алоқаларнинг бугунги ҳолати, шунингдек, миграция соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган. Президентнинг Россия ташрифи чоғида ушбу масалада ҳам фикр алмашиш эҳтимоли йўқ эмас. Шу маънода айтганда, мазкур ташрифнинг аҳамияти беқиёсдир.