Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2012 йилда пасаяди

    Евроосиё тараққиёт банкининг МДҲ мамлакатлари иқтисодиёти таҳлилига бағишланган ҳисоботида жорий йилда Ўзбекистон иқтисодиётида сусайиш бўлишини қайд этган. Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, халқаро савдодаги турғунликка қарамай Ўзбекистон иқтисодиёти юқори суръатларда ўсишда давом этди. Чунончи, 2012 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръати 8,2 фоизни ташкил этди.

    Иқтисочилар фикрича, мамлакат иқтисодиёти тараққиётида ички истеъмол бозорининг барқарор ўсиб бораётгани, инвестициявий талабнинг юқорилиги, қолаверса, меҳнат мигрантлари томонидан юборилаётган маблағлар ҳамда қишлоқ хўжалигидаги яхши ҳолатнинг аҳамияти катта бўляпти.

    Айни чоғда мамлакатнинг ташқи савдо айланмасида жиддий пасайиш кузатилмоқда. Чунончи, нефть-газ маҳсулотларидан ташқари, экспорт сустлашмоқда. 2012 йилда давлат ташқи савдо айланмасида ижобий сальдо 1,12 миллиард долларни ташкил қилди. 2011 йилда бу кўрсаткич 4,5 миллиард долларни ташкил этган эди. Айнан ижобий сальдо даромадлари мамлакат бюджетининг профицит билан ижро этилишида муҳим аҳамият касб этаётир. Экспертларнинг фикрича, 2013 йилда ЯИМ 7,5 фоиз миқдорида ўсади.

    Экспорт кўрсаткичлари пасайишда давом этади. Мигрантлар юбораётган пул оқимлари ҳам камайиши мумкин. Лекин бу пасайиш жараёни мамлакат бюджет ва иқтисодий сиёсатига жиддий салбий таъсир кўрсатмайди. Уларнинг хулоса қилишича, Ўзбекистон ҳукумати экспорт пасайишини қоплаш учун етарлича ресурсларга эга. Чунончи, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бу борада муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

    Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси капитали 15 миллиард долларга етди. Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 2006 йили Ўзбекистон Президенти фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, унинг бошланғич устав капитали 1 миллиард долларга тенг эди. Жамғарма давлат инвестиция дастурига кирган муҳим лойиҳаларни молиялаштириш ва биргаликда молиялаштириш мақсадида ташкил этилган. Аввалроқ, жамғарма устав капиталини 2016 йилгача, босқичма-босқич 15 миллиард долларга етказиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.