Ўзбекистонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни нишонланди

    8261

    9 май куни Тошкентдаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерга уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳукумат аъзолари, сенаторлар ва депутатлар, ҳарбийлар, жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди. Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

    Президент Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган ўзбекистонликлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

    – Бугун халқимиз Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 68 йиллигини, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонламоқда, – деди Ислом Каримов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда. – Айни шу кунларда барча-барча юртдошларимиз ўз инсоний бурчини бажо этиб, Ватанимиз озодлиги, мусаффо осмони учун жон бериб, қурбон бўлганларнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, таъзим қилади.

    Бугун орамизда бўлган, бизга маънавий ибрат бўлиб юрган барча уруш қатнашчиларини ана шу буюк сана билан чин қалбдан табриклашни ўзим учун катта шараф деб биламан, деди Ислом Каримов. Шулар қаторида фронт ортида хизмат қилиб, ўта оғир шароитда ғалаба қозонишга катта ҳисса қўшган юртдошларимизга, барча-барча фахрийларимизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаб қоламан.

    Президентнинг қайд этишича, бугун шу улуғ айёмни нишонлар эканмиз, бу ғалабанинг кўпчилик қаторида бизнинг халқимиз учун ҳам нақадар қимматга тушганини, халқимиз бу мудҳиш урушда қанча қурбонлар, қанча йўқотишлар берганини, қанча етим-есирлар, мислсиз азоб-уқубатларни кўрганини ёдга олсак, айтиш мумкинки, эл-юртимизнинг тақдири, унинг келажаги ҳал бўлган ўша даврларни эсласак, бу қонли уруш одамларимиз хотирасида умрбод қолажак. Урушнинг тугаганига 68 йил бўлишига қарамасдан, бундай қирғин, бундай офатни бугун ҳам одамларимиз алам ва изтироб билан эслайди.

    “Урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони жангларда бевосита иштирок этган. 500 мингга яқин юртдошларимиз урушда ҳалок бўлганини, қанчаси бедарак кетганини, қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтганини ҳисобга оладиган бўлсак, бизнинг халқимиз фашизм балосига қарши курашга қандай катта ҳисса қўшганини тасаввур қилиш қийин эмас”, деб қайд этади Ислом Каримов.

    Шу куни Мотамсаро она ҳайкали пойи анвойи гулларга бурканди. Юрт озодлиги ва равнақи учун жон фидо қилган ватандошларимиз хотирасига ҳурмат бажо этиш учун келган зиёратчиларнинг қадами кечга қадар узилмади.

    ЎзАнинг ёзишича, илгари, совет тузуми даврида 9 май асосан Ғалаба байрами сифатида бутун СССР ҳудудида катта дабдаба билан нишонланарди. Қизил майдонларда ҳарбий парадлар ўтказилар, пионер ва комсомоллар, ишчи ва деҳқон синфи вакиллари саф тортиб ўтарди, минбарда эса шўро доҳийлари турар эди. Афсуски, бундай манзарани бугун ҳам собиқ совет ҳудудидаги айрим мамлакатларда кўриш, кузатиш мумкин.

    Бундан 15 йил олдин мамлакатда бу санага Хотира ва қадрлаш куни деб ном берилди. Пойтахтда, барча вилоят ва туман марказларида аввалги “Номаълум солдат” деб ном олган ёдгорлик ўрнига Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилди.

    Шу куни Мотамсаро она ҳайкали пойи анвойи гулларга бурканди. Юрт озодлиги ва равнақи учун жон фидо қилган ватандошларимиз хотирасига ҳурмат бажо этиш учун келган зиёратчиларнинг қадами кечга қадар узилмади. Чунончи, чет давлатлар дипломатик корпус вакиллари ҳам Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.