Ҳақиқий “фидбек”

Интернет орқали савдо қилар эканман, “фидбек” деган нарсани ўрганиб олдим. Фидбек (Feedback) бу сизнинг харидор ёки мижоз олдида кўрсатган хизматингизга берилган баҳо демакдир. Фидбек 3 турли бўлади: Ижобий (Positive) , ўртача (Neutral) ва салбий (Negative).

Барча савдо қилувчилар фақат ижобий фидбек олиш учун қаттиқ ҳаракат қилади. Битта ҳам салбий фидбек олмасангиз, бу сизнинг фидбек даражангиз 100 фоиз бўлади, дегани. Натижада харидорларнинг сизга бўлган ишончи-эътибори ошади ва савдоингиз юришади, пулингиз кўпаяди.

Агар озгина эътиборсизлик ёки хато қилиб харидорга бошқа ёки сифатсиз маҳсулот етказиб берилса ёинки ўз вақтида етказиб берилмаса, демак, харидор сизга салбий, яъни негатив фидбек бериши мумкин. Бу энди ёмон, сизнинг фидбек даража-фоизингиз пасаяди, дегани. Натижада харидорлар сони камаяди, бизнесингиздан хайр-барака кетади. Шунинг учун қандай қилиб бўлса ҳам, харидорни рози қилишга ҳаракат қиласиз: бирор нарсани қурбон қиласиз ёки пулини қайтариб берасиз ё бўлмаса яна бирор нарса юборасиз. Хуллас, қандай қилиб бўлмасин, харидорларнинг салбий фидбек беришига йўл қўймаслик илинжида бўласиз.

Шу сабабли мен ҳам бизнесим жараёнида фақат яхши фидбек олишга ҳаракат қиламан. Ҳатто хотиним ҳам буни яхши тушуниб қолган. “Дадаси, туринг, тезроқ нарсаларни тайёрлаб жўнатинг, яна ёмон фидбек олиб ўтирманг”, деб мени эрталабдан уйғотади. Ўғлим ҳам, “Дада, фидбегингиз қандай бўляпти, ҳалиги негатив фидбегингизни харидор қайтариб олдими?” деб сўраб қўяди.

Шy ўринда ўйланиб қоламан: Қани энди биз бандалар ҳам Аллоҳ таоло олдида доим ижобий фидбек олишга ҳаракат қилиб яшасак. Билиб-билмай бирор гуноҳ қилиб қўйганда, ўша гуноҳимизни ўчириш учун негатив фидбекни йўқ қилишга ҳаракат қилгандек уринсак.

Харидорни рози қилгандек, Аллоҳни ҳам рози қилиш учун гуноҳимиз орқасидан бирор савоб иш қилиб қўйсак. Харидорнинг кўнглини олиш учун ширин уйқудан воз кечиб, эрта тонгда тургандек, Аллоҳнинг розилигини олиш учун ҳам тонг саҳарлаб уйғонсак.

Қани энди Аллоҳ олдида ёмон фидбек олмасликка бир-бирмизни огоҳ этиб турсак.
Менимча, барча бандалар бутун ҳаёти давомида Аллоҳдан фақат ижобий фидбек олиш фикри билан яшасалар, яъни гуноҳ ишлардан қочиб, фақат савоб ишларни қилишга ҳаракат қилсалар, олам гулистон бўлар эди. Ана шу ҳақиқий фидбек бўлади.

Олим ШАРИПОВ,
Чикагодаги Ўзбек-Америка жамияти раҳбари