“Қадамимиз Америкага етди”

REKLAMA 9Инсоннинг энг яқин ва беминнат дўсти – бу китоб. Маънавиятимизнинг юксалишини ҳам китобсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугунги ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг мазмун-мундарижаси ҳам келажак авлодга шу китоблар орқали етиб боради. Шунинг учун биз ноширлар китобат санъатига, ўзбек адабиётига, бадиий ижод истиқболига, унинг янада гуллаб-яшнашига, дунё халқлари адабиёти қаторидан муносиб ўрин эгаллашига бирдек масъулмиз.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи қарийб ярим асрдан зиёд тарихга эга бўлиб, у шу йиллар ичида ўзбек ва жаҳон адабиётида воқеаликка айланган кўплаб адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий, тарихий, илмий-маърифий мавзудаги асарларни нашр этиб келади ва у қатъий режа асосида фаолият юритади. Шундан келиб чиқиб, ижодий жамоа ҳар йили маърифий-маънавий, миллий қадриятлар руҳини ўзида акс эттирган ранг-баранг мавзуларга эътиборини қаратиб, китобхонларнинг талаб-истакларига мос, қолаверса, ўқишли китобларни нашр этишни режалаштиради ва бу режада адабиётнинг барча жанрлари ўз ифодасини топади.

Бизнинг ижодий уйимизда қанча китоб дунё юзини кўрганини ҳисоблаб ҳисобига етиш қийин. Ўзбекистонда адабиёт ва санъатга доир қанча сара асар борки, бари шу нашриётда тайёрланган ва чоп этилган, десак муболаға бўлмайди. Бу китоблар сони билан эмас, сифати ҳамда салмоғи билан ўқувчиларни ўзига жалб этиб келмоқда. Буни кўпни кўрган ноширлар ҳам, мутахассислар ҳам, ўқувчилар ҳам бирдек эътироф этишади.

Биз узоққа бормай, кечаги кунимизга назар ташлайлик. Охирги бир-икки йил ижодий уйимиз учун сермаҳсул ва баракали бўлди. Биргина ўзбек мумтоз адабиёти намояндаси Алишер Навоийнинг ўн жилддан иборат “Тўла асарлар тўплами”нинг нашр этилиши ўзбек ноширчилигида муболағасиз тарихий ҳодиса ҳисобланиб, ушбу нашр ҳақида барча оммавий ахборот воситалари кўп ва хўп ёзишди.

Бу сўзимизнинг бир дебочаси, аввали эса бир-биридан гўзал китоблардир. Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё”, Лутфийнинг “Девон”и, Гомернинг “Одессия”, Убайдулла Уватовнинг “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” (инглиз тилида), Шуҳрат Жабборовнинг “Ўзбекистонда ким яхши яшайди”, Ўткир Ҳошимовнинг “Ўзбеклар”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Анор”, Ғафур Ғуломнинг “Танланган асарлар”и, Суат Дарвешнинг “Фосфорли жаврия”, Э.М.Ремаркнинг “Эссизгина ёшлигим” асарлари, турли мавзулардаги альбомлар, халқимизнинг тарихий, маданий мероси, илм-фани, адабиёти, замонавий иқтисоди, миллий қадриятлари, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий соҳаларда эришган ютуқлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Мен Ўзбекистон фуқаросиман” китоб-альбоми ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Бу китоблар бугунги ўзбек ёшларининг билими ва дунёқарашини шакллантиришда асосий манба, унда истиқлол даврида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, илм-фан ва спорт соҳасида эришилган муваффақиятлар, давлатимиз қомуси – Конституциямизнинг моҳияти, республикамиз вилоятларидаги янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари ҳаётий мисоллар, рангли суратлар орқали ёритиб берилган.

Ижодий уйимизда нашр этилган китоблар дунёнинг турли мамлакатларида ўтказиладиган китоб кўрик-танловларида совринли ўринларни эгаллаб келади. Бунинг исботи ўлароқ, айтиш керакки, Алишер Навоийнинг ўн жилдлик “Тўла асарлар тўплами”, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, ижтимоий-сиёсий адабиёт йўналишидаги “Мен Ўзбекистон фуқаросиман”, болалар учун чоп этилган “Ўзбек халқ эртаклари” чет элларга ўтказилган халқаро китоб танловларида намойиш этилиб, олий ўринларни эгаллаган.

Ўз навбатида болажонларимиз учун ҳам жуда чиройли китобларни нашр этамиз. Синкен Хоппнинг “Сеҳрли бўр”, Озод Набиевнинг “Етти ранг ва етти куй ҳақида эртак”, Шуҳратнинг “Оққушнинг кенжа боласи”, шунингдек, “Ўзбек халқ эртаклари” каби ўндан ортиқ китоблар шулар жумласидандир.

Сир эмаски, ҳар бир ижодий жамоа йил бошида ўз олдига қўйган ишларнинг режасини тузиб, шу режа асосида фаолият юритади. Айниқса, бу жараён ижодий уйларига хосдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, ноширчилик анъаналарини давом эттириб, замонавий китобат ишини санъат даражасига кўтариш борасида изланишлар олиб бормоқдамиз. Ҳар йили мавзу режаларини янги, юксак савиядаги, бадиий пишиқ, матбаа ижроси юқори китоблар эвазига шакллантирарканмиз, Ўзбекистон Президентининг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” деб номланган фикр-мулоҳазаларини асосий йўналиш ва ёшларнинг баркамол бўлиб ўсишига, уларнинг билим савиясини ошишига, тарбиясига, одоб-ахлоқига ижобий таъсир кўрсатадиган энг сара, мукаммал асарларни чоп этишни асосий мақсад қилиб белгилаймиз. Рукнларимиз географиясини кенгайтириб, бугунги кун кишисининг ёрқин образини юксак маҳорат билан яратган шоир ва ёзувчиларимизнинг янги асарларини, шунингдек, Франсуа Рабле, Ги де Мопассан, Ясунари Кавабата, Чарльз Диккенс, Бернар Дадье каби жаҳонга машҳур адибларнинг дурдона асарларини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этиш ниятидамиз.

Бугунги тезкор замонда китоб чоп этиб, ўқувчиларга манзур этиш ўзига яраша машаққатли жараён. Китобхоннинг диди ва талабини ўрганмай туриб, китоб нашр этиш кўзланган мақсадга эришиш имконини бермайди. Ҳозир замонавий технологиялар асри. Ким кучли технология, замонавий асбоб-ускуналар билан қуролланган бўлса, у китоб бозорида ўз ўрнига эга. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоаси ҳам янгиликка интилиб, замон билан ҳамнафас фаолият юритишга ҳаракат қилади. Нашриётимиздагидизайн ва компьютер студияларимиз сўнгги русумдаги техника жиҳозлари билан мустаҳкамланган.

Мана, нашриётимизнинг қадами Америкага ҳам етди, десак янглишмаймиз. Ёш таржимон Маҳмуда Сайдумарова таржимасида “Ўзбек ҳикоялари тўплами” китобининг Америкада чоп этилиши бизни ғоятда хурсанд этди. Чунки ушбу китобнинг макетини ва дизайнини яратишда бизнинг нашриётимизнинг ҳам ҳиссаси бор. Китобни нашриётимиз ходими, ўзбек рассоми Шуҳрат Мирфаёзов безаган. Биз бундай китобларни нашрга тайёрлар эканмиз, аввало, шу асарнинг мазмун-мундарижасини жиддий ўрганамиз. Ҳар қандай асар бугунги кун талабларига жавоб берсагина, ёшларимизнинг маънавий оламини бойитишга хизмат қилсагина, уларнинг одоб-ахлоқига ижобий таъсирини кўрсатсагина, миллий қадриятларимизни улуғласагина уни китобхонларга тақдим этамиз.
Нашриётимизда сўнгги йилларда ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарлари нашрга тайёрланиб, чоп этилди. Агар ижодий уйимизнинг интернетдаги веб-сайтига мурожаат қилсангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Америкада истиқомат қилаётган азиз ва муҳтарам ватандошлар! Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида нашр этилган китоблар Сизни қизиқтирса ёки уларни ўқишга эҳтиёж сезсангиз, марҳамат, www.gglit.uz веб-сайтимиз орқали бизга мурожаат қилинг, биз Сизнинг эҳтиёжингизни бажонидил амалга оширамиз.

Китоб инсоннинг беминнат дўсти, дедик. Шундай экан, китобни китобхон билан учраштириш, юзлаштириш энг савобли ва хайрли ишдир. Биз бу ишимиздан ҳамиша фахр ҳиссини туямиз.

Илҳом Зойиров,
Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа
ижодий уйи бош муҳаррири