Алишер Усмонов жияни йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳалок бўлгани тасдиқланган

pic_1358534199 (1)

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмонов Тошкент шаҳрида йўл транспорт ходисаси туфайли ҳалок бўлгани расман тасдиқланган.

Ҳодиса шу йилнинг 8 май куни эрталаб соат 05:15 да содир бўлган. Қизил рангли «Форд Мустанг» машинасини бошқариб кетаётган Бобур Усмонов Навоий кўчасида жойлашган «Шедевр» супермаркети олдида, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг рўпарасида йўл четидаги панжарага катта тезликда келиб урилган, деб хабар беради “Lifenews.ru”.

Бобур Усмонов билан бирга, машинада бўлган Кристина Юлдашева ҳам қурбон бўлган. “Сариқ сайт”нинг ёзишича, Бобур Усмонов холасининг қизи Асал Нарзиеванинг никоҳ тўйини ўтказиш учун шу ҳафтада Тошкент шаҳрига келган эди.

Бобурнинг ҳалок бўлганини Алишер Усмоновнинг рафиқаси Ирина Винер ҳам тасдиқлаган. «Афсуски, шундай, Бобур ҳалокатга учрагани рост», — дейди Винер Lifenews.ru сайтига.

Маълум қилишларича, дафн этиш маросими ўша куннинг ўзида ўтказилган. Бобурнинг жасади Тошкентдаги “Минор” қабрстонига дафн этилди. Маросимда Алишер Усмонов ҳам иштирок этган.

30 ёшли Бобур Усмонов россиялик миллиардернинг севимли жияни ҳамда асосий меросхўрларидан бири эканлиги айтилмоқда. У Усмоновнинг кичик укасининг ёлғиз ўғли эди. Ўгай ўғил Антон Винерни ҳисобга олмаганда Алишер Усмоновнинг бошқа фарзанди йўқ. Шу боис ҳам у Бобурни ўз ўғлидек яхши кўргани айтилади.