Америкалик ёзувчилар Самарқандга ташриф буюришди

947362_10151890307174186_1677941267_n
US Embassy in Tashkent

Аввал хабар берганимиздек, Американинг тўрт нафари ёзувчиси Энн Худд, Стивен Куусисто, Чинело Окпаранта ва Кристофер Мерил Ўзбекистонга ташриф буюришди. Тошкентда меҳмонлар Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида бўлишиб, Муҳаммад Али, Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир, Улуғбек Ҳамдам сингари ўзбек адабиёти вакиллари билан учрашувлар олиб борилган.

Ташриф доирасида Самарқандга ҳам ташриф буюришди. Таниқли журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг ёзишича, ижодкорлар “Афросиёб” тезюрар поездида кўҳна шаҳарга йўл олишиб, вокзалдан Самарқанд давлат хорижий тиллар институтига боришади. У ерда талабалар билан учрашишади. Куннинг иккинчи ярмида қаламкашлар Самарқанднинг тарихий обидаларини бориб, томоша қилишган.

АҚШ давлат департаменти ва ушбу мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган дастур доирасида қаламкашлар ташрифи амалга оширилмоқда.

АҚШ элчихонаси ходими, шоир ва таржимон Аъзам Обидовнинг айтишича, тўрт нафар америкалик ёзувчилар АҚШ давлат департаментининг ёзувчи-элчилари дастури доирасида Ўзбекистонда бўлиб туришибди. Бундай ташриф нафақат ижодкорлар, балки халқларимиз ўртасида маданиятлараро алоқаларни ўрнатишга, ўзаро англаш ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тиллақори мадрасаси ҳовлисида. 12news.uz
Тиллақори мадрасаси ҳовлисида. 12news.uz

Америкалик ёзувчилар Самарқандда вилоятдаги ёзувчи ва публицист Нусрат Раҳмат билан учрашди. “Биз Тошкентда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида шоир ва ёзувчилар билан учрашдик, ўзимиз учун адабиётингиз ҳақида кўплаб янгиликларни кашф қилдик, — деди Кристофер Мерилл. — Бу ерда биз учун минтақаларда ёзувчилар қандай яшаяпти, улар нима ҳақида ёзаётгани жуда қизиқдир. Фикримча, биз маҳаллий ёзувчилар билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишимиз керак”.

Шундан сўнг Шавкат Раҳматуллаев улар билан мулоқот қилишга муваффақ бўлди.

—                    Халқаро ёзувчилар дастури нима мақсадда тузилган? У АҚШга, дастур иштирокчиларига нима беради?

Мерилл:

—                    Мазкур дастур 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, АҚШ Давлат департаменти томонидан молиялаштирилади. Шу йиллар давомида ушбу дастурнинг уч ойлик курсларини 140 мамлакатнинг 1400 нафардан ортиқ ёзувчи, шоир ва драматурглари тамомлашди. Бу улар учун ўзаро танишиш ва ижодий ҳамкорлик ўрнатиш учун айни муддаодир. Бизга келадиган бўлсак, биз ёзувчилар орқали уларнинг мамлакати, халқи ва адабий жараёнлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўламиз.

—                    Ушбу ташрифга қадар ўзбек адабиёти ҳақида нималарни билар эдингиз?

Куусисто:

—                    Манинг аждодларим асли финляндияликлар. Улар фольклорга катта эътибор қаратишган. Шу боис мен ўзбек халқ оғзаки ижоди ҳақида маълумотга эгаман. Шоир сифатида шарқ шеъриятига ошно тутинганман. У мени ўзининг сирлилиги билан ўзига жалб қилади, у ўзига хос кучга эга. Мен Румий, Ҳайём, Ҳофиз, Навоий сингари буюк сўз усталарини биламан. Менинг билишимча, АҚШда Шарқ мутафаккирларидан Жалолиддин Румийнинг китоблари кўп чоп этилади ва сотилади.

Мерилл:

—                    Менинг илҳом манбаим бутундунё, шу жумладан, шарқ шеъриятидир. Менинг шоир сифатида шаклланишимда кўпроқ рус поэзасининг таъсири катта. Мен машҳур рус шоири Иосиф Бродскийнинг шогирд бўлганман.

—                    Самарқандда талабалар билан учрашув қандай таассурот қолдирди?

Худ:

—                    Мен ёш қизнинг саволи жуда ёқди: у ижодда нима муҳим — шаклми ёки мазмунми, деб сўради. Агар у ҳозирданоқ шундай муаммолар билан қизиқаётган экан, истиқболда яхши ижодкор бўлиб етиши аниқ.

Окпаранта:

—                    Мен ёшларингизнинг бадиий таржимага катта қизиқишини кўриб ҳайрон қолдим. Ҳақиқатда, агар малакали таржима ишлари йўлга қўйилса, Америкада биз ўзбек адабиёти ҳақида кўпроқ билган бўлардик, сиз эса бизнинг адабиётимиз ҳақида. Бу мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида кенгқамровли алоқалар ўрнатишнинг йўлларидан биридир.

—                    Сиз учун “Ёзувчи — тинчлик элчиси” иборасини нимани англатади?

Мерилл:

—                    Ҳақиқатан ҳам, ёзувчилар қайсидир маънода тинчлик элчилари ҳисобланишади. Мен бошқарадиган Халқаро ёзувчилар дастурини айнан аъзолари  тинчлик элчилари бўлган ташкилот модели сифатида баҳолаш мумкин.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ.