Расмий газетани йиртган футболчи кечирим сўради

"Нефтчи" ҳимоячиси Дилёрбек Эрматов © Pakhtakor.Uz/kun.uz
“Нефтчи” ҳимоячиси Дилёрбек Эрматов © Pakhtakor.Uz/kun.uz

Маълумки, аввалроқ, олти ўйинлар ғалабасиз сериядан сўнг, Олий Лига 8-тур учрашувлари доирасида «Нефтчи» ўз майдонида «Гулистон» жамоасини 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратгани, биринчи голдан сўнг «Нефтчи» футболчилари жамоани танқид қилиб чиққан Фарғона вилояти ҳокимлигининг расмий нашри – «Фарғона ҳақиқати»ни йиртиб ташлашгани хабар қилинган эди. Ўшанда бу ҳолатни изоҳлаб, Юрий Саркисян: «БУ мени танқид қилганлар учун жавоб», – деган.

Кейинчалик Юрий Саркисян бошчилигидаги мураббийлар штаби истеъфога чиқарилди.

Vatandosh Facebookдаги саҳифаси орқали футболчиларнинг бундай хатти-ҳаракатларига жиддий эътирозини баён этган эди.

Маълум бўлишича, вилоятнинг бош газетасида клуб шаънига танқидий мақола чоп этилган. Ушбу ҳаракати учун футболчи мухлислардан ва таҳририятдан узр сўради.

Хусусан, “Нефтчи” жамоаси ҳимоячиси Дилёрбек Эрматов: “Гапнинг рости, газетада эълон қилинган танқидий мақолани ўқиб, таъсирлангандим. “Гулистон” билан бўлган ўйинда, аслида, ана шу мақолага жавоб сифатида мен ҳам, қолган футболчилар ҳам яхшироқ ўйнаб, ишончли ғалабага эришиш ниятида майдонга тушгандик. Мен жамоадошларим кўмагида биринчи голни киритгач, “Нефтчи” газетада ёзилганидек қолоқ жамоа эмас, биз ҳали юқори ўринларга чиқамиз, деган эҳтиросли туйғулар билан ўзимни идора қила олмай қолдим ва шу пайт қўлимга тушиб қолган газетани йиртиб, мухлисларга отиб юбордим», деб ўз айбини тан олган.

«Шу пайтда ўз ҳаракатларимга ўзим баҳо беролмасдим. Чунки қаттиқ ҳаяжонда эдим. Қилган ишим нотўғри бўлганлигини кейинроқ англаб етдим. Очиғини айтсам, қилмишимдан пушаймонман. Бу хатти-ҳаракатимни оқлай олмайман», деб  ёзади газета йиртувчи.

Футболчининг ёзишича, у «билмай, ёшлиги туфайли хатога йўл қўйган. “Фарғона ҳақиқати” таҳририяти ва “Нефтчи” жамоаси мухлисларидан мени кечиришларини илтимос қиламан. Бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ваъда бераман. Бу воқеа менга катта сабоқ бўлди. “Нефтчи” жамоасининг яхши натижаларга эришишида бор маҳоратимни ишга соламан. Айбимга иқрорман. Яна бир бора барчадан узр сўрайман”, – деб ёзган у.