Ал-Капоне қамоқдошлари россиялик маҳбусларга мағлуб бўлишди

9103976_448x252

Россия маҳбуслари терма жамоаси Чикагодаги йирик қамоқхонада жазосини ўтаётган “ҳамкасблари” билан шахмат чемпионатини ўтказишган.

Skype орқали бўлиб ўтган матч россиялик маҳбусларнинг ғалабаси билан якун топган. Россияликларни собиқ жаҳон чемпиони Анатолий Карпов қўллаб-қувватлаб турган.

Америкалик маҳбусларнинг бош мураббийи сифатида Карповнинг дўсти, доктор Михаил Коренман қатнашган.

Чикаго қамоқхонаси бошлиғи Том Дартнинг BBCга айтишича, у бу тадбирдан ҳайратга тушган. “Ҳаммаси яхши тугаганидан хурсандмиз, матчни ташкиллаштиришга анча куч ва вақт ҳамда арзимаган миқдорда маблағ кетди”, деди у.

Йигирманчи асрнинг кўзга кўринган жиноятчилари, чунончи, Ал-Капон, Жон Уэйн Гейси сингари мафия ва қотиллар сақланган мазкур қамоқхонада шахмат курслари ўтган йили йўлга қўйилган. У ҳам бўлса, Карповнинг ташаббуси билан ташкиллаштирилган.

Чикаго қамоқхонаси бошлиғи Том Дартнинг айтишича, қамоқхонадаги маҳбуслар ҳаётда ҳеч қанақа ютуқларга эришмаган ва унинг нима эканлигини тушунишмайди ҳам. Лекин бундай спорт мусобақалари уларда мана шундай туйғуни шакллантиришга ёрдам бериши мумкин.

Россия тарафдан эса Астрахан, Самара, Саратов, Екатеринбург ва Краснодар ўлкасидаги қамоқхоналардан маҳбуслар мусобақада иштирок этишган.

Умумий ҳисобда россиялик маҳбуслар 15,5:4,5 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Чикаго қамоқхонаси Америкадаги энг йирик қамоқхона бўлиб, унда 11 минг нафардан ортиқ маҳбус сақланади, уларга 3800 нафар қўриқчи бириктирилган.