Америкалик ёзувчи ва шоирлар Ўзбекистонга ташриф буюришади

Шу йилнинг 17-22 май кунлари америкалик ёзувчилар – Энн Ҳуд, Стивен Куусисто, Чинело Окпаранта ва Кристофер Меррил Ўзбекистонга ташриф буюради. Улар ижодкорлар учун АҚШнинг Айова Университетида ташкил этилган Халқаро бадиий ижодий дастур кўмагида мамлакатга сафар қилмоқда, деб ёзади Ca-news.org.

Ўзбекистонда америкалик ёзувчилар маҳаллий қалам соҳиблари билан ижод сирларини ўртоқлашади ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида бўлишади. Ташриф давомида америкалик ижодкорлар Тошкентда шоир, ёзувчи, талаба ва ўқувчилар билан мушоира ва ижодий суҳбатлар ўтказадилар. Шунингдек, Самарқанд давлат университети талабалари билан учрашув режалаштирилган.

Шоир Кристофер Меррилл ўтган йили Ўзбекистонга ташриф буюрган.  Унинг шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган ва Ўзбекистондаги қатор газета ва журналларда босилган.


kristofer-merril-shoir-aqsh

Қуйида Кристофер Меррилл ижодидан намуналар ҳавола этамиз.

Кўмирнинг устида юрай деб аста
Оёқ кийимимни ечдим, бошладим,
Ўз теримни шилдим, мана, бирпаста, –
Сени айлантириб ўраб ташладим.
Танамни қийма гўшт этдим, оғринмай,
Сени севмоқ учун асли бу ришта.
Ниҳоят, жонимни суғурдим, атай, –
Сенга айланмоқ-чун, фариштам!

***

Очман. Рўза тутмоғим керак.

***

Аллоҳнинг сири: лабларини қўйди қулоғимга У, лекин бирор нарса демади.

***

Капалакнинг чаққани илон заҳридан баттар.

***

Қотиллика ўхшайдиган ўз жонига қасд қилиш энг мукаммал жиноят бўлур эди. Ўзимнинг орқамга ўқ отаман бир кун.

***

Сени ё ўн йил аввал, ё ўн йил кейин топишим керак эди. Ҳузуримга келдинг, лекин, вақтида.

***

Пашшанинг уч-тўрт кунлик умри билан тошбақанинг икки юз йиллик умри ўртасида қандай фарқ бор ўзи?

НАФОСАТ

Япроқларнинг синиқ томири ичра
Азадорлар мисол тизилиб қатор;
Осмонни сўнгги манзилга кузатаётган
Арчаларнинг тантанали намойишида;
Тун ўғриси ва келиннинг изини ёпган
Ғира-шираликда ёғаётган қорда; ҳар лаҳзада
Бошқа ўлжасига осилар Ўлим;
Нафис қулаётган юлдуз оппоқ чопон кийиб,
уфқда ўт олар қўққисдан.

ШАФҚАТ

Тонготар от ўғриси дарёдан туртиб чиққан
Хочни ёндирар, кули қирғоқни қоплайди дарҳол
Тутун ичра йўқолар кўприк.

Пишлоқ юкланган сут арава ҳайдовчиси ухлайди.
Оқ йўлдаги сузувчилар танасини қиртишлар,
Ёнаётган сув остига шўнғимоқдан қўрқади.

Уч машина тўхтару сутли кўлмакдан қонар,
Қирғоқдаги ҳақгўйнинг қўнғироғи бор,
Шафқат туйғусию, майин мусиқа,

Ҳатто итлар жим-жит. Ҳеч кимнинг
Оқ оти йўқ. Кимса қайғурмас. Ўғри эса
Ўрмонга беркинар, кўмар ўлжасин ва эгарни.

Кўприк очиқ ёки йўқ мутлоқ, оқ-қора
Сузувчилар сув остида сирғалар
Чўкаётган тавба билан, дурлар билан иши йўқ.

Бунда мусиқа йўқ, йўл ҳам йўқ бошқа
Дарёнинг у ёғида. Итлар аравага қараб додлайди.
Йўл ялтирай бошлар ойдинда.

Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржимаси