Ўзбекистон президенти МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларини Ғалабанинг 68 йиллиги билан табриклади

    ogon

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 9 май — фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 68 йиллиги муносабати билан МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларини табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

     Эслатиб ўтамиз, 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 68 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон президентининг фармони эълон қилинди. Унга кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 500 000 (беш юз минг) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти бериш белгиланган.

    Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ сарф-харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

    Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотини тантанали ва байрамона вазиятда топширади.

    Ҳозирга келиб Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушида қатнашганлардан фақатгина 5200 нафари, фронт ортида меҳнат қилганларнинг эса 100 минг нафари ҳаёт. Улар анча кексайиб қолган ва кўпчилигининг саломатлик билан боғлиқ муаммоси бор.

    Иккинчи жаҳон урушида жами 1,5 миллион нафар ўзбекистонлик иштирок этган, улардан 450 минг нафари ҳалок бўлган, 130 минги бедарак йўқолган.

    Ўтган йили Ўзбекистонда 6632 нафар уруш қатнашчиси, 115 минг фронт ортиқ меҳнаткашлари бор эди.