Иқбол Мирзо: “Шеър ёзиш олифтагарчилик қилиш дегани эмас”

db_Scan00091

Бугун Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, сенатор Иқбол Мирзо таваллуд топган кун. Халқимизнинг севимли шоирига узоқ умр, баракали ижод ва мустаҳкам соғлиқ тилаймиз.

— Иқбол ака, суҳбатимизни ноодатий саволдан бошласак. Ҳозирги кунда шоирлар тилга олаётган “самимият” сўзини ҳар бир одам турлича таърифлайди. Шеъриятингиздаги самимийлик ҳақида гапирсангиз?

— Самимият атайин пайдо қилиб бўлмайдиган фазилат. Агар айрим бандаларининг зуваласига бу хислатни қўшмаган бўлса, наилож, чидашга мажбурмиз. Ижоддаги самимийлик эса, анчагина камёб ҳодиса. Шеър ёзиш олифтагарчилик қилиш дегани эмас, аксинча, кўнглингдаги дардингни бошқа бир дардмандга ботмайдиган, уни авайлаб ўзига келтирадиган ҳолда етказолсанг — мана шу шеър. Муҳаммад Юсуф ижодининг қудрати ҳам самимиятида эди. У ҳаммага фақат бир қиёфа билан — самимий ва очиқ чеҳраси билан юзланарди. Элнинг бу қадар севимли шоири бўлиш, аввало, унинг қисмати эди.Муҳаммад ака ана шу қисматни суиистеъмол қилмади. Шеърларимга келсак, мен фақат ичимдагини ёзаман, холос. Пуфак туйғулардан, чучмал ва олифта қиёфадан парҳез қиламан. Буёғи эса, ўқувчига боғлиқ — сенинг ижодингни, шоир ёки шоир эмаслигингни юз-хотир қилмай айтиб турадиганлар ўшалар.

— “Сизни куйлайман” номли китобингизда ўзингиз ҳақингизда ёзган бир фикр ҳақида сўрамоқчиман. “Менга муҳаббат қалам тутқазган. Кейинроқ бу туйғу юрт ишқига, ватан севгисига айланди”. Шеърларингизнинг бош мавзуси муҳаббат, ишқ тўғрисида. Сизнингча муҳаббат нима?

— Муҳаббат сенинг ўзинг. Сен қачонки юрагингга ўхшаш юракни, дардингга монанд ғуссани, овозингга ҳамоҳанг товушни илғасанг, шу — севги, шу — ишқ. Фақат буни илғаш, англаш, қадрига етиш мушкул. Тош даврида ҳам маҳбубасига энг катта кийик шоҳини ёки оппоқ қуён терисини (муҳаббат қурбон талаб қилади, дегани ҳам эҳтимол шудир) совға қилиб севги изҳор қилган довюрак йигитлар бўлганига ишонгим келади. Демоқчиманки, муҳаббат — ҳаётдаги жамики синовларни, қувончу аламларни бирга кўришга, енгишга, бир тану жон бўлиб яшашга муносиб ҳамроҳ, ишончли шерик топиш эҳтиёжидир. Янаям очиқроқ айтсам, ёлғизликдан толиқиб қолмаслик учун юборилган иноят.

— Сиз анъанавий услубда ёзасиз, яъни шеърларингизда халқона оҳанг жуда кучли ва таъсирли ифодаланади. Сиз бунга қандай эришгансиз?

— Тасаввур қилинг, тинмай ёзсангиз, жилд-жилд китоб чиқарсангизу, асарларингиз китобхонни зериктирса, энсасини қотирса. Бу қанақа ижод бўлади?! Адабиёт дегани инсон кўнглининг тадқиқотчиси. Агар у мана шу вазифасидан бир лаҳза чекинса ҳам, ўз қимматини йўқотади. Илдизи йўқ туйғулар, мағзи пуч даъволар билан одамларни алдашга шоирнинг ҳақи йўқ. Аксинча, қурби етса миллатнинг дилидагини таржима қилсин, оҳангга солсин ва минглаб-миллионлаб қалбларни бир сатр билан ларзага солсин.

Мен ҳам эл ичида юриб, унинг кўксига қулоқ босиб ижод қилишга уринаман. Уринишларим қанчалик самарали бўлаяпти ёки йўқ, буни мана шу миллат ҳал қилади.

— Бугунги кунда шеъриятимизга кириб келаётган ёш қаламкашлар ижодида маълум маънода услубий-шаклий изланишлар кузатилмоқда. Аксарият ижодкорлар тақлид қилиб шеър ёзишдан ҳам чарчамаяпти. Фикримча, тақлид шоирнинг ўз овозини синдириб ташламайдими?

— Ўзингиз бу жараённи “изланишлар” деб атаяпсиз. Бу изланишлар эртага муваффақиятга, тажрибага ва, ниҳоят, адабиётга айланадими-йўқми, вақт баҳолайди. Устозлар ҳозир уларга шароит яратишади, эътибор беришади, лекин ёш қаламкашларни шоир қиламиз деб ваъда қилишмайди. Адабиётнинг шафқатсиз ва адолатли қоидаси шу. Тақлид эса, кўзга кўриниб турган яра — кесиб ташлайсангиз ҳам, чандиғи қолади.

— Бир пайтлар шоир Муҳаммад Юсуф (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин): “Шеърларимни қўшиқ бўлиши учун ёзмайман, шеърларим ўз оҳанги билан дунёга келади”, деган эди. Бу ҳолатни сизнинг ҳам ижодингизда кузатиш мумкин. Шу ҳақда қандай фикрдасиз?

— Қўшиқ шеърнинг улғайган кўриниши. Мен фақат яхши қўшиқ ва пухта шеър ҳақида гапираяпман. “Лирика” сўзи лира чолғу асбоби номидан олинганини эсласак, ҳаммаси кундай равшан. Шеър оҳанги билан жозибали, агар шу оҳангни бирор хонанда илғаса, уни ривожлантиради. Гўзал оҳангга ширали овоз қўшилса, икки гўзаллик инсон қалбини тезроқ ром этади. Менинг шеърларим билан куйланаётган қўшиқлар ҳам шу тахлит дунёга келган бўлса, ажабмас.

— Ижодингзининг энг гуллаган, яъни сизга омадлар олиб келган йиллар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— 90-йилларнинг ўрталарида кўпгина ўзимга ёқадиган шеърлар ёзганман. Агар мукофотлар ҳақида сўраётган бўлсангиз, буни одамлар яхши билади. Аммо мен бошқа бир жиҳатга тўхталмоқчиман. Фараз қилинг, бир адабиёт ўқитувчиси китобингизни варақлаб туриб, эртанги дарсида шу шеърларни болаларга ўқиб беришни кўнглига тугса, мана шу ҳақиқий омад, бахт. Суйган қизига хат ёзаётган йигит тилида сизнинг мисраларгиз айланса, бу чинакам шоирлик. Энди ўзингиз эл севган шоирлар нақадар омадли, бахтли бўлишини ўйлаб кўринг.

— Ижодкорлар орасида устоз-шогирд муносабати доимо қадрланиб, эъзозланиб келинади. Сизнинг ҳам шоир бўлишингизда маълум маънода устозлар таъсири бордир, унинг беминнат сабоқларидан ибрат олгандирсиз. Устозингиз ҳақида айтсангиз?

— Устозлар ҳақида кўп гапирганман. Яна айтиим мумкин, Эркин Воҳидов, Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи, Муҳаммад Юсуф ва ёшидан қатъи назар ҳамма яхши шоирлардан сабоқ олиб келаман.

— Масалан, Рауф парфи ижодида “булут, томчи, кўз ёш”, Муҳаммад Юсуф ижодида “райҳон, ялпиз, кийик, қизғалдоқ”, сизнинг шеърларингизда “куз, япроқ, хазонрезги, ой” каби тимсолларни кузатамиз. Булар ҳам ҳис-туйғуларни ифодалашда муҳим аҳамият касб этадими?

— Шеър муаллифнинг таржимаи ҳоли. Ҳар бир шоирнинг кўзига сингиб қолган, ҳидига ўрганиб қолган, бармоғига санчилиб қолган ранглари, товушлари, лаҳзалари бўлади. У ана шуларга мудом қайтади, ўзини ларзага солган ҳодисаларни такрор, аммо янги ташбеҳ, янги оҳанг билан айтгиси келади. Буни уддалай олган шоирларда эса шахсий рамзлар, тимсоллар яралади. Бу ижодкор етиши мумкин бўлган энг баланд чўққи — сени сўзларингдан, оҳангингдан танишдими, шоирлигинг шу…

— Шеърият мухлисларига тилакларингиз?

— Мухлисларнинг фарзандлари ҳам яхши китоблар ёзиб, бизга дастхат ёзиб беришсин.

 

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ суҳбатлашди

Хуршид Давроннинг сайтидан олинди.