Ларри Кинг синдроми ёхуд қиммат пиардан мақсад нима?

897813

Машҳур америкалик журналист, телебошловчи Ларри Кинг Россиянинг инглиз тилидаги собиқ RussiaToday, ҳозирда РТ давлат телеканалида ўз шоусини олиб борадиган бўлди.  Бу ҳақда RT бош муҳаррири Маргарита Семоньян BBCRussianга маълум қилган.

79 яшар тележурналист узоқ йиллар давомида CNNда Larry King Now ва Politics with Larry King дастурларига бошловчилик қилган.

Ларри Кингнинг ўтган йил июль ойидан Hulu видеоҳостингида бўлган Larry King Now шоуси энди RT America телеканалида намойиш этилади ва телеканал сайтига жойлаштирилади. Телеканал бош муҳаррирининг айтишича, Ларри Кинг билан музокара жараёнлари жуда тез ва силлиқ кечган. Семоньяннинг қайд этишича, Politics with Larry King дастури RTнинг эксклюзив дастури бўлиб, телеканалнинг Америкадаги студиясида тайёрланади ва эфирга узатилади. Larry King Now иш кунлари РТ орқали намойиш этилади. Дастурнинг асосий мавзулари қаторида Америкага оид лавҳалардан ташқари халқаро ва Россия мавзусига ҳам бор.

РТ жаҳон оммавий ахборот воситалари оқимига қарши туришни мақсад қилиб олган, Россия ҳукумати томонидан молиялаштирилади ҳамда инглиз, рус ва араб тилларида намойиш этилади.

РТ яқин ўтмишда жиддий мубоҳасаларга сабаб бўлган Wikileaks сайти асосчиси Жулиан Ассанж иштирокида ҳам махсус дастур намойиш этган. Ушбу дастур уч ой давомида Швеция ҳукуматига топширилиши мумкинлигидан қочиб, Буюк Британиянинг Эквадордаги элчихонси ҳудудидан намойиш этилди.

Ларри Кингнинг ўзи ҳам РТ орқали ўз дастурларини янада кенгроқ аудиторияга етказиш имконияти берилганидан мамнунлигини қайд этган.

Умуман, РТ Россия томонидан 2008 йилги Грузия билан бўлиб ўтган ҳарбий можародан сўнг катта эътибор қартилган лойиҳа бўлиб, CNN, BBC, Euronews, Fox ва бошқа франко-саксон ахборот ресурсларининг таъсирига қарши кураш олиб бориш, Россия ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсатини тарғиб қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Унинг фаолияти ҳақида нималар ҳам дейиш мумкин?

Биринчидан, телеканал турли лойиҳаларни амалга ошириш учун етарлича моддий ҳамда молиявий ресурсларга эга бўлиб, бу унинг асосий қуролларидан бир ҳисобланади. Шу боис канал ўз олдига қўйган мақсадларга устамонлик ва изчиллик билан эришиб бормоқда.466x10000_out__

Иккинчидан, телеканал бош муҳаррири Маргарита Семоньян ҳар қандай ахборот “субъектив” бўлади, деб ҳисоблайдиган журналистлардан. “Мен холис одамман дейишдан йироқман ва бундай дейиш ниятим ҳам йўқ. Мен, умуман, бошловчи албатта холис бўлиши керак, деб ҳисобламайман”, деган эди у Лента.ру нашрига берган интервьюсида. Унинг фикрича, РТ ўз олдига Ғарб ҳукуматлари алдашларини хоҳламаган одамларни ўз аудиториясига айлантиришни мақсад қилиб олган. Бир сўз билан айтганда, у РТ Россия ҳукуматининг тарғибот машинаси эканлигини яшириб ўтирмайди. Америкада ҳамма давлат сиёсатини қўллаб-қувватламайди ёки асосий мейнстрим телеканаллар тарқатаётган ахборотларга муқобил манбани излашади, РТ ана шу аудитория учун кураш олиб бормоқда.

Учинчидан, хоҳлаймизми-йўқми, дунё ахборот маконини асосий глобал mainstream телеканаллар бошқармоқда. Зотан, инглиз тилида ҳамма ҳам ахборот тарқата олмайди, лекин ушбу тилда кўпчилик ахборот олади. Ана шунинг учун ҳам бугунги кунда Буюк Британия ва АҚШ халқаро ахборот каналларини молиялаштиришда очиқчасига ва сиртдан иштирок этиб келади. Ушбу телеканаллар ахборотни бир томонлама тарқатади. Масалан, Яқин Шарқ қўзғолонлари пайтида Ғарб давлатлари фақат исёнчиларга, исёнчилар туширган видеоларга, уларнинг аъзоларига кўпроқ вақт ва урғу берди. Мана шундай шароитда РТнинг роли жуда муҳим. Эътиборли жиҳати, РТ шунчаки Ғарбни ёмонловчи эмас, балки икки томонга ҳам сўз беришга ва шу орқали ўзига ишонч орттиришга интилмоқда.

Маргарита Семоньяннинг фикрича, ҳар бир каналнинг ўзи айтмоқчи бўлган гапи — message бор. РТ ҳам шундай мақсадни ўз олдига қўйган бўлиб, бу, албатта, Россиянинг қадриятларини илгари суриш эмас (Масалан, ББСда шунақа), балки Россия ҳукумати халқаро ҳамжамиятга бирон бир гапни айтмоқчи бўлса, уни тўғри ва ишончли ахборот сифатида қабул қилишга Ғарб аудиториясини  тайёрлашдир.

Бугун жамият нафақат очиқ бўлиши керак, балки сиз ҳақингизда бошқалардан кўра, сизда ўзингизнинг ахборот бериш воситангиз бўлиши керак. РТ ана шу мақсад йўлида ишлаётгани, албатта, яхши. Шуни яна алоҳида қайд этиш керакки, РТ ахборотларини ғарбликлар тўғри ёки тўлиқ қабул қилади, дейиш ноўрин. Лекин РТ ўз аудиторияси орқали ўша ҳукуматларга айрим саволларни беришга мажбур қилиши мумкин.

Ларри Кинг профессионал журналист. У, албатта, шартнома шартларига буйсунса-да, ўзининг профессионал фаолиятига доғ туширади, деб ўйлаш ножоиз. Унинг ўз фаолиятини профессионал олиб бориши РТ учун ҳам жуда муҳим, чунки шу йўл орқали у маълум аудиторияни шакллантириши мумкин.

Боз устига Америка ҳукуматида ўз ахборот агентликларига ҳам саволлар йиғилиб қолган. Масалан, ўтган йили Ҳиллари Клинтон хоним Америка ОАВларини жиддий танқид қилган эди. У “Ал-Жазира”ни ҳақиқий ахборот канали сифатида келтириб, Америка телеканаллари “студияда иккита одамнинг суҳбати” бўлиб қолаётгани ва натижада ахборот уруши бой берилаётганини жиддий танқид қилган эди.

Бугун дунёдаги тенденцияларни бошқаришнинг муҳим омили — ахборот. Шу боис глобал миқёсда гегемонликка интилган ҳар бир давлат шунчаки ўзини реклама қилиш учун эмас, балки дунёдаги ахборот оқимига таъсир кўрсата олиш қобилиятига эга бўлиши керак. РТнинг ҳар қандай сенсация дастурлари, гарчи улар қанчалик амбицияли ва қиммат бўлмасин, керак ва фойдали воситадир. Бундан оддий ўқувчилар ҳам фойда кўради: танганинг икки тарафини кўриш имконияти пайдо бўлади.

Ўзбекистон, албатта, бир кун келиб мана шундай ҳажм ва форматда телеканалларни очар, лекин биз ҳозирча мамлакатимиз ҳақида ахборот беришнинг анча арзон ва бошқа самарали технологияларини қўллашга ўтишимиз керак. Интернетдаги Ўзбекистон ҳақидаги инглиз тилидаги ахборотларнинг қарийб 90 фоизи салбий характердаги ахборотлардир. Ўзбекистонда ҳам инглиз тилида ахборот тарқатишни кенгайтириш ва махсус лойиҳалар амалга оширилиши керак. Бу мамлакатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам айни муддао. Чунки Ўзбекистондаги ҳар бир ахборот, аввало, Ўзбекистоннинг манбаларидан чиқиш керак, йўқса, бировнинг манбасида чиққан ахборот ғаразли бўлиб қолаверади. Албатта, бировни ўз ахборотингга ишонтириш учун ёлғон гапирмаслик ҳамда хатоларни, камчиликларни айтишдан ҳайиқмаслик керак. Бугун ҳеч нарсани яширишнинг иложи йўқ. Ёндашувни ўзгартириш керак.

Хулоса қилиб айтганда, РТнинг Ларри Кинг иштирокидаги янги лойиҳаси, қанчалик қиммат бўлмасин, керак ва халқаро ҳамжамият учун фойдали. Биз учун ахборот сиёсатимизни яна бир карра ўйлаб кўришга туртки, десак айни ҳақиқат бўлади.

 Мурод ҒОФУРОВ.