Латвия Ўзбекистон билан савдо алоқалари ҳажми бўйича ЕИда учинчи ўринда туради

    Сарвар Усмонов (ЎзА)
    Сарвар Усмонов (ЎзА)

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 16 май куни Оқсаройда Латвия Республикаси ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичсни қабул қилди, дейилади Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабарида.

    Давлат раҳбари мунтазамлик касб этган кенг кўламли Ўзбекистон-Латвия давлатлараро мулоқоти нафақат икки ва кўп томонлама аҳамиятга молик амалий масалаларни кўриб чиқиш, балки долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан очиқча фикр алмашиш ва уларни баҳолаш учун ҳам имкон яратаётганини таъкидлади.

    Мамлакатлар турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик, жумладан, “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” алоқалари, халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар доирасидаги муносабатлар бўйича салмоқли тажриба тўплаган.

    Латвия Ўзбекистон билан савдо алоқалари ҳажми бўйича ЕИга аъзо давлатлар орасида учинчи ўринда туради. Буни ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ошиб бораётгани ҳам тасдиқлайди. 2012 йил якуни бўйича бу борадаги кўрсаткич 243,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

    Транспорт коммуникациялари соҳасида ҳамкорлик ҳамда томонларнинг йирик транзит салоҳиятини ишга солиши Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги муносабатларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

    Эдгарс Ринкевичс самимий қабул учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, Латвия раҳбарияти мамлакатимиз билан кўп қиррали ҳамкорликни узоқ муддатли ва прагматик асосда янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугунги кунда НАТОнинг ISEF кучларига тегишли ҳарбий юклар Ўзбекистон ҳудуди орқали Латвия бандаргоҳларига етказиб берилмоқда. Ўзбекистон темир йўллари орқали НАТО ҳарбий юклари ортилган контейнерлар Афғонистондан Латвия портларига қадар етказилган. Бу ҳақда Latvijas dzelzceļs матбуот хизмати хабар тарқатди.

    Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Россия орқали портларга етказиб берилган мазкур юклар Норвегия ва Буюк Британияга тегишли бўлган.

    Латвиядан юкларни Афғонистонга етказиб бериш 2009 йилда бошланган бўлиб, уларни қайтариб кетиш 2012 йилнинг майидан бошланган. Ўшандан бери 60 мингдан ортиқ TEU юк ташилган. Бундан ташқари Le Figaro нашрининг Франция армия бош штабига таяниб ёзишича, француз армиянинг буюклари ортилган иккита колонна транспорт воситалари Афғонистон шимолидан йўлга чиққан. Ушбу юклар кейинроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ҳаракатини давом эттиради.