Луиза Гулиулина допинг можароси туфайли мусобақаларни 2014 йилнинг 1 августидан бошлайди

galiulina-luiza-120724-8col

Ўзбекистонлик гимнастикачи Луиза Галиулина 2014 йилнинг 1 августидан спорт мусобақаларида қатнашиши мумкин. Бу ҳақда 12uz.com сайти хабар тарқатди.

Аввалига, Халқаро гимнастика федерацияси 2012 йилнинг 1 августидан олти ойга расмий мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилган эди. Кейинчалик халқаро Спорт арбитраж суди Жаҳон допингга қарши курашиш агентлиги талаби билан ушбу муддатни 2014 йил 1 августига қадар узайтирди.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро олимпия қўмитаси 25 июль куни Галиулинадан олинган допинг намуна унинг организмида фуросемид (тақиқланган препаратлар сирасига кирувчи диуретик) борлигини кўрсатганини эълон қилиб, уни вақтинчалик Олимпиада ўйинларидан четлаштирган эди. Халқаро Олимпиада қўмитаси вакили Марк Адамс такрорий тест ҳам спортчи организмида тақиқланган препарат мавжудлигини кўрсатганини тасдиқлагач, Галиулина Олимпиада шаҳарчасини тарк этганди.

Кўпчилик мутахссислар Луиза Галиулина Лондон ёзги Олимпиада ўйинларида яхши натижа кўрсатишига умид қилишганди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, фуроцемид допинг ҳисобланмайди. Ундан қон босимини пасайтириш ва пешоб келишини яхшилаш мақсадида фойдаланилади. Аммо спорт тиббиётида бадандаги баъзи тақиқланган моддаларни яшириш учун фуроцемид қўлланилгани маълум бўлгани учун Жаҳон допингга қарши агентлиги ушбу моддани тақиқлаган.