Тошкентда НАТОнинг минтақавий офиси очилади

Шу йилнинг 3 июнида Тошкентда НАТО ҳарбий-сиёсий блокининг минтақавий ваколатхонаси очилади. Ваколатхона НАТОнинг минтақада барча шериклари — Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон билан мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича вазифаларни бажаради.

12news.uz сайтининг ёзишича, ваколатхона раҳбари НАТОга аъзо давлатлардан бирининг фуқароси бўлади. Унинг ўринбосари эса ўзбек, рус ва инглиз тилини биладиган Ўзбекистон фуқароси тайинланиши мумкин. Ўринбосар халқаро дипломатик муносабатларни чуқур тушуниши, шунингдек, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш ва сиёсат тарихини биладиган мутахассис бўлиши талаб қилинади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сўнгги пайтларда Афғонистонда халқаро коалиция кучларининг ҳарбий амалиёти тугаши муносабати билан НАТО мулозимлари минтақада анча фаоллашиб қолишди.